- 2021-10-26
Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри билан Қозоғистон пойтахти Астанани боғловчи поезднинг илк йўловчилари Астанага келди.
Қозоғистон темир йўллари ширкатидан берилган маълумотга кўра, Қозоғистон билан Ўзбекистон орасидаги алоқаларни ривожлантириш доирасида амалга оширилган Самарқанд-Астана поезди илк сафарини бошлади. Самарқанддан йўлга чиққан поезд Астанада янги қурилган “Нурли жол” станциясига етиб келди.
Ушбу поезд сафарлари икки ўлка орасидаги туризм соҳасидаги алоқаларни кучайтириш учун Қозоғистон темир йўллари билан Ўзбекистон темир йўллари ширкатларининг ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент, Қозоғистоннинг Сариағаш, Чимкент, Тараз, Шу, Саришаған ва Қарағанда шаҳарларидан ўтган поезд йўловчилари Астананинг “Нурли жол” станциясида кутиб олинди.
Самарқанд-Астана поездининг илк йўловчилари ва Ўзбекистон темир йўллари ширкати вакилларига станцияда экскурсия ташкилланди.
Илк йўловчилардан самарқандлик Майра Усмонова Ўзбекистоннинг тарихий шаҳри Самарқанд билан Қозоғистон пойтахти Астанани боғловчи поезд сафари бошланганидан мамнун эканлигини гапирди.
Ўзбекистон темир йўллари ширкати фахрий ходими Баҳодир Юсупов ҳам икки ўлка орасидаги поезд сафарлари бошланганига ишора қилиб, сафар вақтида Қозоғистоннинг гўзал жойларини кўрганлигини ва жуда таъсирланганлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 март куни икки ўлка орасида Алмати-Тошкент поезд қатнови йўлга қўйилганди.