- 2016-03-14
Россияда бўлиб ўтаётган Конфедерациялар кубогида ҳакамлар илк бор видеотакрорлардан фойдаланмоқда.
видеотакрорлар қандай вазиятлар учун қўлланилади?
ФИФА ташкилотининг расмий сайтида бу аниқ ва содда шаклда тушунтириб берилган. Видеотакрор асосан қўйидаги тўрт хил ҳолатни аниқлаштиришда қўлланилиши белгиланган.
1. Голнинг ҳаққонийлигини аниқлаш. Мисол учун, футболчи офсайдда қолган ҳолатда ёки қоида бузиш орқали рақиб дарвозасини ишғол қилса, видеотакрордан фойдаланган ҳолда, ҳакам қарор чиқариши, дастлабки қарорини ўзгартириши мумкин. Тўп дарвозага киргач, ўз-ўзидан ўйинда узилиш содир бўлади, яъни бу ерда ўйин суръатининг тушиши ҳақидаги гаплар ортиқча.
2. Пенальти бор ёки йўқлигини аниқлаш. Пенальтининг белгиланиши ёки белгиланмаслиги ҳам ўйин натижасига таъсир қиладиган муҳим қарорлардан бири. Жарима майдонида қоида бузилгани ёки бузилмагани видеоассистент ёрдами билан аниқлаштирилиши мумкин.
3. Қизил карточка. Қизил карточкага лойиқ қоида бузилиши ёки вазиятнинг қизил карточкага «тортмаслиги»ни аниқлаш учун ҳам, видеотакрорга мурожаат қилиниши мумкин. Бу ерда фақат тўғри-тўғри қизил карточкалар назарда тутилган, иккинчи сариқ карточка эмас.
4. Футболчиларни чалкаштириб юбориш. Мисол учун, ҳакам қоида бузган ёки рақибини урган бир футболчи қолиб, ёнида турган шеригини жазолаб юбориши, бутунлай бошқа одамга сариқ ёки қизил карточка кўрсатиб юбориши мумкин. Бу ҳолат ҳам видеотакрор ёрдамида тузатилади.
Тўп майдон ташқарисига кимдан чиқиб кетди? Майдон марказида қоида бузилдими ёки йўқми? Бу футболчига сариқ карточка кўрсатиш керакми ёки йўқми? Шу ва бошқа саволлар билан видеоассистент шуғулланмайди.
Энди тизимнинг ишлаш тамойилларига ўтамиз.
Биринчи босқич: Бош ҳакам юқоридаги тўртликка кирадиган маълум бир вазиятда видеотакрорга муҳтож бўлиб қолса, ишора беради. Ёки видеоассистент бирор вазиятда ҳакам адашганини кўрса, ҳакамга ушбу вазиятни видеотакрорда қайта кўришни тавсия қилади.
Иккинчи босқич. Бир неча камерадан лавҳаларни кузатиб ўтирган ёрдамчи энг мақбул ракурсдаги видеони майдон четидаги мониторга жўнатади.
Учинчи босқич. Ҳакам видеони кўриб, ўз қарорини айтади. У видеотакрорни кўргандан сўнг, дастлабки фикрида қолиши ҳам, видеоассистентнинг маълумоти асосида қарорини ўзгартириши ҳам мумкин.
Мисол учун. Тўп дарвозага киритилди, ҳакам офсайд бор ёки йўқлигига шубҳаланса, видеотакрорни кўриб, қарор қилишни исташи мумкин. Ёки бош ҳакам голни ҳисоблади, лекин видеомониторлар олдида ўтирган ёрдамчи офсайд бўлганини кўрди. Ёрдамчи бош ҳакамга офсайд юз берганини айтади. Бош ҳакам ёрдамчи тавсияси билан такрорий лавҳани кўради ва қарорини ўзгартириши ёки ўзгартирмаслиги мумкин.