- 2013-01-26
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркистон вилоятидаги хусусий уйда содир бўлган ёнғин
оқибатида 12 кишининг ҳалок бўлиши муносабати билан чуқур таъзия билдирди.
Туркистон вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментининг (ФВД) маълумотига кўра, 18 ноябрь куни эрталаб Жетисой туманининг Алғабас қишлоғидаги икки қаватли хусусий турар-жой биносида ёнғин чиққани ҳақида хабар келиб тушган.
Ёнғинга қарши кураш бўлинмаси етиб келгач, турар-жой биносининг тўлиқ олов билан қоплангани аниқланган.
"Қидирув ва ёнғинни ўчириш ишлари давомида уйдан ҳушсиз ҳолатда уч киши эвакуация қилиниб, тез тиббий ёрдам бригадасига топширилди. Уй ичида тўққиз нафар бола билан бирга 12 кишининг жасади топилди", — дейилади хабарда.
Қўшниларнинг сўзларига кўра, ёнғиндан бир кун олдин уй эгаларида тадбир ўтказилганлиги сабабли, уйда меҳмонлар бўлган. Ёнғин 360 квадрат метр майдонда тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса жойида барча фавқулодда хизматлар ишламоқда. Тергов бошланган, ёнғин сабаблари аниқланмоқда.
Президентнинг маслаҳатчиси – матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилишича, Ҳукумат ва вилоят ҳокимига ҳалок бўлганларнинг яқин қариндошларига барча зарур ёрдамни кўрсатиш ва содир бўлган фожиа сабабларини текшириш топширилган.
Туркистон вилояти ҳокимлиги Президент топшириғига кўра, вилоят ҳокими бошчилигида ишчи гуруҳи тузилганини маълум қилди. Жароҳат олганларга зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда.