- 2020-08-22
Мавритания супер кубок финалида ўйналаётган матчнинг боришидан зериккан президент Муҳаммад Ульд Абдулазиз 1:1 ҳисобдаги матчнинг 63-дақиқасида тўхтатиб, матчни пенальтилар билан якунлашни буюрди.
Италиянинг “Gazzette World” хабарига кўра, Мавритания Супер кубоги финалида “Tevragh-Zeina” ва “ACS Ksar” жамоалари учрашди. Бу матчни томоша қилишга келган Мавритания президенти Муҳаммад Ульд Абдулазиз 1:1 ҳисобда давом этган матчнинг боришидан зерикиб, 63-дақиқада ўйинни тўхтатиб, пенальтига ўтишга кўрсатма берди. Бу қарорга кўра ўйинни тўхтатган ҳакам пенальти тепиш орқали ғолиб аниқланишини эълон қилди. Бундан футболчилар ва томошабинлар ҳайратга тушишди.
Газетанинг хабарига кўра, нимага бундай қарор чиқарилгани бутун ўлкада шов-шув бўлиб, норозиликлар бўла бошлади. Бир муддат жимликдан кейин баёнот берган футбол федерацияси раиси Аҳмад Ульд Абдурраҳмон президентнинг ўйинни тўхтатиши ёлғон эканлигини билдириб “Ташкилий муаммолар сабабли ҳар икки жамоанинг президенти ва мураббийлари келишуви билан бу қарорга келинди” деди.
Пенальти натижасига кўра “Tevragh-Zeina” жамоаси супер кубок соҳиби бўлди.