- 2017-05-30
Тошкент марказидаги дунёдаги энг катта паловни тайёрлаш тадбири Гиннес китоби вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. 7360 кг келадиган ошни 50 нафар ошпаз 6 соат давомида тайёрлади. Ушбу тадбир 8 сентябрь куни “Ўзбегим” анъанавий фестивалида бўлди.
Рекорд миқдордаги ош учун 1,5 тонна мол гўшти, 400 килограм қўй гўшти, 1,9 тонна гуруч, 2,7 тонна сабзи, 220 кило пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 100 килограм нўхат, 57 килограм туз ва 350 литр сув ишлатилди. Бу учун Олмалиқ металлурглари 4 метр диаметрдаги ва ҳажми 8 минг литрлик махсус қозон ясашди. Қозон-ўчоқ оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлди. Жаҳон рекордини ўрнатиш жараёнини “Milliy TV” телеканали ва “Guinness World Records” вакиллари “Facebook” орқали тўғридан-тўғри намойиш этишди. Ушбу ошпазлик маҳоратини хориждан ҳам кўплаб одамлар томоша қилишди.
Жума иш куни бўлишига қарамай фестивалга 70-80 минг одам келди. Лекин ош тайёрланаётган жойга фақат таклифнома билан киритилди. Аввалроқ кириш бепул бўлиши айтилганди. Ўнлаб ошпазлар улкан қозон атрофида палов пишираётганини 200 метрлардан ҳам кўриш мумкин эди. Лекин бу ерда ҳам тиқилинч эди. Кун пешинга яқинлашганда одамлар шунчалик кўпайдики, тартиб соқчилар уларни зўрға ушлаб туришди. Ташкилотчилар одамлар бунчалик кўп келишини кутишмаган эди.
Ош соат 17:00 да тарқатила бошлади. Бу билан бирга ташкилланган навбатлар бирданига издиҳомга айланди. Ҳамма ушбу паловдан татиб кўришни истарди.
Лекин гавжум бўлишига қарамай меҳмонлар қозон атрофида суратга тушиб, жуда хурсанд бўлишди.