- 2013-01-29
Истанбулда кучли зилзила содир бўлди. Yeni Şafak нашрининг ёзишича, дастлаб Силиври соҳилида магнитудаси 3,9 бўлган зилзила қайд этилган, ундан сўнг эса магнитудаси 6,2 бўлган иккинчи зилзила содир бўлган. У тахминан 10 сония давом этган. Ҳозирча қурбонлар ва вайронагарчилик ҳақида маълумот берилмаган.
Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази (EMSC) маълумотларига кўра, 6,2 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 12:49 да содир бўлган. Ер ости силкинишларининг эпицентри Силиври шаҳридан 26 километр жанубда, Мармар денгизи ҳудудида жойлашган эди.
Кейинроқ шу ҳудудда яна икки марта ер силкиниши қайд этилган — магнитудалари 5,0 ва 5,3 бўлган. Бу зилзилалар ҳам Истанбулнинг бир неча туманларида ҳис қилинган.
EMSC маълумотларига кўра, асосий 6,2 магнитудали зилзиладан кейин бир неча соат ичида Мармар денгизи ҳудудида 20 дан ортиқ афтершок (такрорий силкинишлар) содир бўлган. Улар 5,0 дан 1,6 гача бўлган магнитудаларда қайд этилган.
Қайта-қайта содир бўлаётган бу силкинишлар Истанбул ва унга яқин вилоятларда ҳис қилинган. Мутасаддилар афтершоклар яна бир неча кун давом этиши мумкинлигини билдириб, хавфсизлик чораларини кўришга чақирмоқдалар.
Шу билан бирга, Туркия парламенти спикери Нўмон Қуртулмуш ҳам фуқаролар ва ташкилотларни эҳтиёткорликка чақириб, шундай деди:
"Истанбулда кутилган зилзила эшикда турибди. Бизнинг ташкилотларимиз, халқимиз, барчамиз эҳтимолий зилзилани энг кам йўқотишлар билан енгиб ўтишга тайёр бўлишимиз керак", — деди Қуртулмуш.