Чой тарихи ёхуд чойхўр миллатлар


  • 2 Октябрь, 2017
  • 2832

Замон, жуда кўп анъаналаримизни йўқ қилди. Балки маданиятимизга кеч кириб келгани учун бўлса керак, омон қолган одатларимиздан бири чой анъанасидир...

Кўпинча биз ўзимизни энг чойхўр миллат деб ўйлаймиз. Лекин аслида оламда чой етиштириш ва ичишда учига чиққан миллатлар кам эмас. Келинг бугун давралар султони бўлмиш чой ва чойхўрлар ҳақида гаплашайлик.

Шубҳаланманг, биз ҳам чойхўрларданмиз. Оламга “чойхона” деган муасассани қозонтирган халқ чойхўрлар рўйхатидан муносиб ўрин эгаллашга албатта ҳақли. Лекин бизда “чой” деганда ялт этиб кўз олдимизга келадиган уй буюмлари “чойнак-пиёла”нинг ўзи “чинни”, яъни хитоийдир.

Шунингдек яна кўпгина нарсалар каби чойнинг ватани ҳам Хитойдир. Ривоятга кўра, милоддан аввал 2500 йилларда Хитой императори Шен Йонг соғлиги туфайли фақат қайнаган сув ичар эди. Жазирама ёз куни боғда ичаётган қайноқ сувининг ичига тасодифан иккита япроқ тушиб, дамланиб қолади. Пайқамай ичганида бир зумда ҳарорати тушганини ҳис этган императорга ушбу ичимлик қаттиқ ёқиб қолади. Шу тариқа қайноқ сувга ҳар хил ўсимлик баргларини солиб дамлаш одатга айланган дейишади.

Файласуф Конфуций ҳам чой ҳақига анча мақтовлар айтган. Милоддан кейин 758 йилда файласуф Лу Ю, чойнинг тайёрланиши, қандай дамланиши ва қандай ичилиши ҳақида эринмасдан қалам тебратиб, “Чой қоидаси” номли алоҳида китоб ёзган. Японлар ҳам чойга ўзгача кўнгил қўйишиб, “чой фалсафаси”ни вужудга келтирган. Улар меҳмонларга чойни Ча-Но-Йо деб аталадиган бир маросим билан икром қилишарди. Шоир Какузонинг “Чойнома” номли асарида илоҳий неъмат сифатида таърифланган чой шунчалик мақтаб ёзилганки, одамни ҳайратга солади.

Европа аҳолиси чойни венециялик савдогарлардан ўзлаштирди. 1560 йилдан эътиборан чой савдоси асосан португалияликлар қўлида эди. У пайтларда чой маҳсулоти жуда қиммат бўлгани учун кўпроқ дорихоналарда сотилар ва фақатгина бойлар ича оларди. 1650 йилда Петер Стуйвесант номли бир тужжор (савдогар) илк чойни Голландиядан Нью Амстердамга (ҳозирги Нью Йоркка) олиб борди.

Хитойда чой ишлаб чиқариш инглизларнинг назоратида эди. 1833 йилда инглизлар бу яккаҳокимликни хитойликларга олдириб қўйгач, Ҳиндистон ва Цейлон (ҳозирги Шри-Ланка)да чой етиштиришга киришди. Шу тариқа Хитойнинг монополиясини қулатишга эришиб, қисқа вақтда ортиқча уринишларсиз дунё чой бозорини қўлга киритишган.

Чойнинг иккита нави бор. Кўк (яшил) чой табиий маҳсулотдир. Бизнинг тилимизда қадимдан яшил рангга “кўк” дейиш одат бўлган.

Қора чой эса, унга қўшимча ишлов бериш орқали олинади. Масалан чойхўр миллатлардан бўлган турк ва озарийлар кўпроқ қора чойни маъқул кўрса, Туркистон аҳолиси аксарият кўк чойни хуш кўради.

Қора чой устида кўп ишлов бериш орқали олинади. Аввал чой барглари терилиб, устидан иссиқ ҳаво ўтказилиб қуритилади. Кейин япроқлар эзилиб, таркибидаги табиий шакар сузиб олинади. Кейин нам ва салқин жойда ферментация қилинади. Шу йўсинда оксидланиш орқали ранги қораяди. Кейин барглар хас-чўплардан тозаланади.

Кўк (яшил) чойнинг иши эса, анча енгилроқ. Япроқлар шохдан ажратилганидан кейин тўғридан ферментация қилинади. Кўк чой ранги очиқ ва кислотали муҳитга эга бўлади. Пешоб ҳайдайдиган хусусияти бор. Қора чойни сақлашнинг хусусий шартлари бўлиб, қуёш нури тушмайдиган ва ёпиқ жойда муҳофаза қилинади. Мева ва гул экстрактлари билан хушбўйлаштирилган чойлар ҳам бор. Энг машҳури бергамот мойи аралаштирилган “Earl Grey” номли чойдир.

Чой барча тилларда деярли бир-бирига ўхшаш сўзлар билан номланади. Масалан чой, чай, шай, чий, ти ва ҳоказо. Лекин уни ичиш борасида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган усуллар мавжуд. Ишонмасангиз, бир-иккита мисол келтирайлик:

Шимолий Африка маҳаллий аҳолиси бўлган туареглар, кўк чой устига қайноқ сув қуяди, ундан кейин бу сувни сузиб, такрор сув қуяди. Уч дақиқа кутиб, икки уч ялпиз япроғи солиб, шакар аралаштириб шу тарзда истеъмол қилишади. Араблар эса, қора чойни шакар ва ялпиз билан ичишни хуш кўради. Тибетликлар чойга сариёғ ва туз аралаштириб ичса, мўғиллар ун ҳам қўшиб ичади. Инглизлар чойни сут билан ичишади, баъзилари эса, коньяк ҳам аралаштиради. Чойхўр миллатлар қаторига кирувчи совуқ мамлакат Россияда кичик чой финжонига мўл миқдорда қора чой барги солиниб, устига қайноқ сув қуйилади. Мушки анбардай ҳидидан ҳам баҳраманд бўлиш учун руслар чойни финжондан тарелкага қуйиб ичишни ёқтиришади. Жанубий Кавказда яшайдиган баъзи элатларга чойга лимон солиш ва қанд қиртиллатиб тишлаб (қитлама чой)  ичиш усули асли руслардан кириб келган деб айтишади. Русларни чойхўр деганимизга ажабландингиз чоғи. Бунинг ўзига яраша жиддий сабаби бор. Чунки чой маданиятини русларча ривожлантириб, самовардек оламшумул матоҳ ўйлаб топган иккинчи миллат бўлмаган десак муболаға бўлмайди. “Само-вар” рус тилида “ўз-ўзидан қайнайдиган” деган маънони англатади. Биздек ўзини “чойхўр” деб биладиган халқлар ҳам самовардан ўтадиганини ўйлаб топа олмай, самоварнинг ўзини шундоққина олиб ишлатишга мажбур бўлганмиз.

Эски даврларда деярли барча мамлакатларда “нонушта” ва “оқшом овқати” деган икки маҳал овқатланиш одат эди.. 1708 йилда Англияда Бедфорд герцоги Анна аср вақтида ўзини беҳол “худди ботиб кетаётган кемадек” ҳис қилганини баҳона қилиб, соат бешлар чамасида қўшимча енгил овқатланишни одатга айтлантиради. Русчадан “полдник” деган атама ҳолида бизга кириб келган ушбу дастурхонда майда кекслар, сариёғ ва албатта ёнида чой бўларди. Шу тариқа “соат 5 чойи” номли одат пайдо бўлди. Инглизларнинг ҳам жуда “чойхўр” эканлигига мана шу урф-одатлари ҳам далил. Айтишларича, Британияда Лэди Астор, бош вазир Черчилга “Аёлингиз бўлганимда чойингизга заҳар қўшиб берардим” деганида, Черчил “Эрингиз бўлганимда шу чойни ичган бўлардим” деб кесатган экан.

Чойдаги кофеин миядаги капилляр томирларни кенгайтиради, қон босими тушгач бош оғриғи тарқаб, инсон ҳузур топади. Теримизнинг юзасидаги капилляр томирлар кенгайгач, иссиқлик ташқарига тезроқ узатилиб, ҳарорат пасаяди ва одам салқинлик ҳис қилади. Чой ҳазмни ҳам осонлаштиради. Ошқозон-ичакда беҳузур қилувси газ ҳосил қилмайди. Меъдага кислота ажратмайди. Уюшиб қолишнинг олдини олади, тетиклик ва зийракликни орттиради ва зеҳний чарчоқни ёзади.

Чой таркибидаги B витамини дамлаш асносида дарҳол сувга кўчади. Ундан ташқари чойдаги E ва K витаминларида ҳам фойдали минераллар мавжуд. Чой таркибидаги мис ва темир туфайли қонсизликка даводир, фтор ва алюминий туфайли тишларни химоя қилади.

Агар дамлангандан кейинг 5 дақиқа ичида ичилса, стимулятор (стимул берувчи, қўзғатувчи, кучайтирувчи, тезлаштирувчи), 15 дақиқа кейин ичилса оромбахш (сокинлаштирувчи) таъсири бор. Бир соат ўтказилиб кейин ичилса, зарарли бўлади.

Чойнинг узун ва калта япроқлари бўлади. Гуллари ранг-баранг бўлиб, бир йилда 3-4 марта ҳосил беради. Май ойидаги илк ҳосили пайтида барглари майда ва барра бўлгани учун “подишоҳ ҳосили” деб аталиб, энг яхши нав номини олган.

Чой иссиқ ва нам минтақаларда ўсади. Ўсимлик мўл ёғингарчилик ва кеча-кундуз орасидаги муҳим ҳарорат фарқини талаб қилади. Чой ишлаб чиқарувчи ўлкалар асосан Хитой, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Япония сингари ер шарининг 36-паралел чизиғи деб тасаввур қилинадиган фаразий чизиқ устида жойлашган. Чойнинг сифати япроғига боғлиқ. Ҳиндистон чойи Хитойникига қараганда мақбулроқ деб юритилади.

Бизда Бухоронинг ёвга таслим бўлишига чой айбдор бўлган деб саналса, Америкада аксинча чой уларнинг истиқлолга эришишларига туртки бўлган экан. Чунки импорт товари чойга кўп бож тўлови талаб қилган инглизларга қарши биринчи исён “Бастон чой партияси” деган ном билан маълум бўлиб, истиқлол курашининг учқуни бўлган.

Горкий, Толстой, Пруст, Ҳенри Джеймс, Райнер Мариа Рильке, Ницше ҳаммаси ашаддий чойхўрлардан эди. Чойнинг тарихини ёзган Стефан Реимерц “Чой ичиш, инсон ҳаётида алоҳида вақт ажратишга арзийдиган машғулотлардандир” деган.

Айтишларича, бир замонлаор Хўжа Аҳмад Яссавий бобомиз (ёки шогирдларидан бири) Хитойга борган эмиш. Жазирама иссиқда йўл чеккасида дам олгани ўтирганида маҳаллий бир деҳқон ой-куни яқинлашган аёли учун дуо сўрайди. Алал-оқибат омон-эсон ва осонгина кўзи ёриган аёлнинг эри хурсанд бўлганидан, ҳазрати Султонга чой икром қилади. Хўжа Аҳмад Яссавий ўша вақтгача ҳеч татиб кўрмаган чойни ичганларида дарров хорғинлик йўқолиб, енгил ва салқин тортган эмишлар. Шунда кафтларини очиб “Ё Раббий, бу ичимликка ривож бергил. Бизни севганлар ичсин, фойдалансин” деб дуо қилган эканлар. Чойнинг Туркистондаги, айниқса, тасаввуф арбоби орасидаги рағбатини ушбу дуога боғлайдилар. Дарвешларни ҳушёр ва зеҳни очиқ ҳолда тутгани учун тарихда чойни “авлиё шўрваси” деб атаганлар ҳам бўлган.

Халқ оғзида “Чой ичайлик, чой ичайлик, нафси ҳаводан кечайлик...” деб айтиладиган нашидалар ҳам учрайди. Улуғлар: “Чой агар ҳазрати пайғамбар замонида бўлганида, Худо билади, балки суннат бўларди. Чунки суҳбатга сабабдир”,- деганлар.

Суҳбати арбоби дил бир лаҳза сенсиз бўлмасин,

Ҳурматингни инкор қилган, дунёда ҳурмат топмасин

ёки

Чой дегани учта шартга мос бўлур:

Бир - лаб ранг бўлур (лабдек қизил),

Икки – лаболаб (пиёла лабигача тўла),

Уч – лабсўз (лаб куйдирувчи) бўлур. Бўлмаса чалоб. 

деган байтлар ҳам чой ҳақида айтилган дурдоналардан.

Овқатдан ярим соат ўтгач вужуд ҳарорати ортганда ичилган чойга тўйиб бўлмайди. Чой ичишнинг маълум бир миқдори йўқ. Чойхўрлик давраларида Бир пиёла мажбурий, иккинчиси ихтиёрий” деган сўзни кўп эшитиш мумкин. Аниқ нечта пиёла ичилиши ҳақида иҳтилоф бор. Лекин чойхўр илм толиблари орасида “Биттаси дам, иккитаси ғам, учинчиси қоида, тўртинчиси фоида, етдими бешга, етказ ўн бешга, бергил ақрабою хешга...” ёки “Бир пиёла чой беҳуда, жуфт бўлса шу фоида, учта ичиш қоида, тўртта ичиб ёз дардни, модамки етди бешга, энди етказ ўн бешга” деб чой фазилатини тараннум қилувчилар бўлган.


Бошқа мақолалар