Космос қандай ҳидга эга?


  • 25 Март, 2025
  • 26

Космос – бу ҳавосиз муҳит, деярли вакуум. Гўё у ерда ҳеч қандай ҳид бўлмаслиги керакдек туюлади. Аммо аслида ундай эмас. Космосда ҳид бор ва у кўпинча ёқимсиз бўлади...

Агар одам скафандрсиз космосни ҳидлаб кўришга уринса, унинг қисмати ачинарли бўлади. У бир неча дақиқадан кўпроқ яшай олмайди. Шунингдек, физик сабабларга кўра ҳам "ҳидлаш" мумкин эмас: космосда ҳаво йўқ, шунинг учун модда молекулалари етарли миқдорда бурунга кириб, хеморецепторлар томонидан қабул қилинолмайди. Бахтимизга, илм-фанда космосни хавфсиз ҳидлаш имконини берадиган қурилма бор. У спектрометр деб аталади. Бу қурилма маълум бир космик объект қандай моддалардан ташкил топганини аниқлай олади. Агар объект таркибини билсак, у ва унинг атрофидаги муҳит қандай ҳидга эга эканини тахмин қилишимиз мумкин.

Хўш, космосдан қандай ҳид келади?

Оламдаги катта ҳажмни галактикалар орасидаги газ булутлари эгаллайди. Улар асосан ҳидсиз водороддан иборат. Бироқ спирт ҳидга эга. Айрим газ-чанг булутларда катта миқдорда спирт мавжуд. Битта шундай булутда миллиардлаб литр спирт бўлиши мумкин!

Йирик газ сайёралари – Нептун, Уран, Сатурн ва Юпитер атрофидаги космик муҳит аммиак ҳидига эга. Ушбу модда уларнинг атмосферасида катта миқдорда мавжуд. Аммиак қандай ҳидга эга? У тахминан пешобга ўхшаш ҳид таратади. Шунингдек, нашатир спирти ҳам худди шундай ёқимсиз ҳидга эга.

Кометалар ҳам ёқимсиз ҳидга эга. Ушбу космик жисмлар сув, карбонат ангидрид ва чангдан ташқари аммиак, олтингугурт водород ва формальдегид каби ёқимсиз ҳидли моддалардан иборат. Агар комета Ер атмосферасида пайдо бўлса, у жамоат ҳожатхонасига ўхшаш ҳид чиқарарди!

Венера сайёраси яқинидаги космос куйган гугурт ҳидига ўхшаш ҳидга эга. Бунинг сабаби – сайёра атмосферасида катта миқдордаги сулфат кислотаси буғларининг мавжудлигидир.

Ой чангининг ҳиди бунга ўхшаш, аммо у кўпроқ "куйган порох" ҳидига ўхшайди. Шунга ўхшаш ҳид, эҳтимол, Плутон, Меркурий ва айрим астероидларда ҳам мавжуд.

Кенг космик ҳудудларда деярли ҳеч нарса йўқ. Аслида, бу вакуум бўлиб, у ерда ҳеч қандай модда мавжуд эмас. Ёки шундай космик бўшлиқларда водород ёки карбонат ангидрид молекулалари бўлиши мумкин, аммо улар ҳидсиз.

Бундан ташқари, космос нафталин, хлор, формалин, малина ва одам ҳатто таърифлай олмайдиган минглаб бошқа ҳидларга эга.


Бошқа мақолалар