- 2023-11-16
Мўғилистонда Кўктурк ҳоқонлиги даврига оид 14 та битиктош устун билан қуршалган ёдгорлик топилди.
Bilimdili.com сайтининг хабарига кўра, Осака университети ва Мўғилистон фанлар академиясининг тарих ва археология бўлими олиб борган қазиш ишлари натижасида устида Кўктурк битиклари мавжуд 14 дона устун топилди. Тўртбурчак кўринишда бўлган майдон Мўғилистоннинг Донгион минтқасида 3 йиллик изланишлар давомида қазиб чиқарилган.
2015 йили қазиш ишлари бошланишдан аввал кўзга кўринган фан арбоблари турк ҳоқонларига оид асарлар ва жойлар Улан-Баторнинг ғарбида деб билишарди. Профессор Такаши Осава тарафидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида шарқий Мўғилистонда ҳам турк тарихига оид излар борлиги аниқланган. Ёдгорликнинг диққатни тортадиган жиҳати структуравий тузилишидир. Марказига маййит дафн қилинган деб таҳмин қилинаётган мозор тоши ва ёдгорлик атрофида 14 дона битикли устун жойлашган. Ҳар бир тошда 100 дан ортиқ тамға номи берилган туркларга оид рамзлар ўрин олган. Бу битиклар Мўғилистон ҳудудларида ҳозиргача топилган энг бой тарихий асар унвонига номзод. Ёдгорлик заминидан топилган от суяклари ва қўй пўсти устида ўтказилган углерод тестлари ушбу иншоотнинг VIII-аср (Кўк) Турк қоғонлиги даврига тегишли эканлигини кўрсатган.
Такаши Осава битиклар устида олиб борган изланишларида мозордаги жасаднинг ябғу, яъни ҳоқондан кейинги энг обрўли кишига оидлигини айтганди. Айни пайтда ушбу ябғунинг Толис-Шод, яъни шарқ бошқарувчиси бўлганлиги ва Тангри ҳоқон давридаги шарқий Мўғилистон ҳокими эканлигини аниқлаганди.
Изланишлар, ёдгорлик топилган Донгоин минтақасининг шу пайтгача жойи на Хитой, на турк манбаларида учрамаган Кўктурк давлатининг шарқий санжоғи (қароргоҳ) маркази бўлганлигини кўрсатмоқда.
Бу ёдгорликдан Кўктурк ҳоқонлигига қарашли шарқий қароргоҳнинг ҳарбий ва сиёсий кучи, алоқалари ва мўғиллар билан муносабатларига ойдинлик киритиши кутилмоқда. Ундан ташқари ёдгорликдаги ҳар хил белгилар ўша давр диний эътиқоди борасида ҳам аниқ фикр бериши умид қилинмоқда.