Ёзувчи Носир Фозилов оламдан ўтди


  • 15 Январь, 2018
  • 952

13 январь куни таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ўзбек адабиёти заҳматкашларидан бири Носир Фозилов касалхонада 90 ёшида вафот этди.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Давлат мукофоти, «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти (Қозоғистон) совриндори — ёзувчи, таржимон ва муҳаррир Носир Фозилов ўзбек адабиётига ХХ асрнинг 50-йиллари иккинчи ярмида кириб келган, ўтган вақт давомида 70дан ортиқ китоб чоп эттирган. Шундан 30га яқини муаллифлик асарлари бўлиб, қолганлари таржима китоблардир.

Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманидаги Кориз қишлоғида таваллуд топган. Болалиги уруш даврига тўғри келгани, ҳам ўқиб, ҳам ишлагани боис тенгдошларидан анча кеч, 1949 йили ўрта мактабни тугатган. Сўнг Тошкентга келиб, дорилфунунга ўқишга кирган, 1954 йили олий таълимни тамомлаган. «Гулхан», «Шарқ юлдузи» каби журналларда ва «Ёш гвардия», Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётларида турли лавозимларда ишлаган.

Адибнинг биринчи ҳикояси «Ленин учқуни» газетасида 1953 йили босилган бўлса, биринчи китоби 1959 йили «Ирмоқ» номи билан чоп қилинган. Сўнгра «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш қаноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиссалари» (1970), «Дийдор», (1979), «Танланган асарлар» 2 жилдлик (1983—84), «Болалигим — пошшолигим» (1989), «Бир отар тўппонча» (1995) каби ўнлаб китоблари нашрдан чиққан.

Носир Фозилов таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. Абай, Мухтор Авезов, Собир Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижалил Нурпеисов каби кўплаб қозоқ адиблари асарларини ўзбекчага ўгирган. Қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тиллардан ҳам кўплаб сара асарларни ўзбекчалаштирган.

Ёзувчига 1985 йили «Шум боланинг набиралари» китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги, 1986 йили қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги, «Устозлар даврасида» асари учун эса Ҳамза номидаги Давлат мукофоти берилган. 1994 йили Қозоғистон президенти таъсис этган «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти совриндори бўлган. 1990 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони, 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 2011 йили эса «Топдиму йўқотмадим» китоби учун Давлат мукофоти билан тақдирланган.


Бошқа мақолалар