Рустам Иноятов МХХ раҳбарлигидан кетди


  • 31 Январь, 2018
  • 720

1995 йил ёзидан буён узлуксиз равишда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимида бўлиб келган генерал-полковник Рустам Иноятов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда «Kun.uz»нинг ишончли манбалари хабар бермоқда.

Манбанинг маълумот беришича, энди Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлигига 2015 йил 20 апрелдан буён республика Бош прокурори сифатида ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев раҳбарлик қилади.

МХХ тузилмасида яна бир қатор тайинловлар рўй бериши кутилмоқда.

Қайд этиш керакки, бу ўзгаришлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ этишга киришуви ортидан рўй бермоқда.

Президент ўтган йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига қилган мурожаатномасида Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келгани, энди МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келгани ва яқин вақт ичида МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқилишини маълум қилганди.

2018 йилги давлат дастури лойиҳасида «​Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»​ги​ қонун қабул қилиниши белгиланган. Қонунга кўра Парламент Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини назорат қилади.

Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида КГБ полковниги Расул Иноятов оиласида туғилган. 1968 йили Тошкент Давлат университетининг эрон филологияси факультетини тамомлаган. Армиядаги хизматдан кейин КГБда турли лавозимларда ишлаган. 1995 йилнинг 27 июнидан буён Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси ҳисобланган.

Kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар