- 2024-06-07
Кеча «Астана-опера» театрида Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президент ва делегациялари иштирок этди.
Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ва бутун Ўзбекистон халқини табриклади.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Шавкат Мирзиёевни Қозоғистоннинг биринчи даражали «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
Бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили дастури доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Алмати шаҳрида Ўзбек адабиёти кунлари ўтказилади. Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари Чимкент шаҳрига сафар қилади. Астана шаҳрида Ўзбек аёллар миллий либослари ва халқ амалий санъати кўргазмаси ҳамда китоблар кўргазмаси ташкил этилади.
Ўзбекистон фольклор жамоаларининг Туркистон шаҳрига, Республика ёш томошабинлар театри жамоасининг Алмати шаҳрига ижодий сафари кўзда тутилган. Тараз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокидаги «Ош фестивали» режалаштирилган.
Шу доирада жорий йилнинг иккинчи ярмида "Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хива" ва "Чимкент-Туркистон-Астана" йўналишлари бўйича (шу жумладан, акси йўналишда) комбинацияланган турлар ташкил этилади. Шунингдек, "Самарқанд-Астана", "Самарқанд-Алмати", "Урганч-Астана", "Урганч-Алмати", "Бухоро-Астана", "Бухоро-Алмати", "Нукус-Атирау", "Бухоро-Атирау" ва бошқа талабгор йўналишлар бўйича мунтазам транспорт қатновларини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг иккинчи ярмида сайёҳларнинг трансчегаравий ҳаракатланишларини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида доимий асосда трансчегаравий "яшил коридор" ташкил этилади.
Яна Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистон йили расмий очилиш тадбирида эълон қилишича, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийга Астана шаҳрида ҳайкал ўрнатиладиган бўлди.