Алмати вилоятида йўқолган ҳарбий вертолёт парчалари топилди


  • 26 Июль, 2025
  • 15

25 июль куни Алмати вилоятида йўқолган ҳарбий вертолётнинг парчалари топилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) маълум қилди.

ФВВ Оператив бошқарув маркази орқали олиб борилган космик кузатув вақтида Сорбулоқ кўли акваториясида ёғ мавжуд бўлиши мумкин бўлган доғ аниқланди. Қутқарувчилар гуруҳи ушбу ҳудудга йўл олди.

«Ҳудудни кўздан кечириш натижасида ҳаво кемасига тегишли бўлиши мумкин бўлган парчалар топилди. Улар ҳаво мудофааси қўшинларига тегишли экани тахмин қилинмоқда», — дейилади ФВВ баёнотида.

Ҳозирги пайтда воқеа жойида махсус ускуналар, шу жумладан, эхолотлар, учувчисиз учиш аппаратлари ва сувости дронлари жалб этилган. Қидирув-қутқарув ишларига 200 нафарга яқин шахсий таркиб, 40 та техника воситаси, 15 та сув транспорти, 4 та хизмат итлари жамоаси ва 2 та МЧС ҳаво кемаси жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Алмати вилоятида EC-145 турдаги ҳарбий вертолёт радар экранларидан йўқолган эди. Унга нисбатан қидирув ишлари 19 соатдан ортиқ давом этди.

EC-145 — икки двигателли, кўп мақсадли вертолёт бўлиб, у Қозоғистонда ҳам ҳарбий, ҳам гражданлик соҳаларида фойдаланилади. 2011 йилдан бошлаб, Қозоғистон Airbus Helicopters билан ҳамкорлик доирасида ушбу турдаги вертолётларни қабул қилиб келмоқда. Улар Астанада жойлашган Eurocopter Kazakhstan Engineering қўшма корхонасида йиғилади ва техник хизмат кўрсатилади.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ҳамда ФВВ таркибидаги тузилмаларда бир нечта EC-145 вертолётлари мавжуд бўлиб, улар қуйидаги вазифаларда фаол қўлланилади:

тиббий авиация ва эвакуация ишлари;

қидирув-қутқарув операциялари;

ҳудудларни назорат қилиш ва патрул хизмати;

шахсий таркиб ва юк ташиш;

баланд тоғли ҳудудларда ва кескин иқлим шароитида хизмат кўрсатиш.


Бошқа мақолалар