Тошкент зилзиласига 52 йил бўлди!


  • 26 Апрель, 2018
  • 956

Зилзила – қайтариб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи энг вайронали ва хавфли табиий офатдир. Зилзилалар шаҳарлар, саноат, энергетик ва транспорт алоқаларнинг вайрон бўлишига ҳамда одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келади.

Ўзбекистон пойтахти,Тошкент, 26 апрель 1966 йил. Эрта тонг 05:23 да одамлар ҳали ўз уйларида ухлаётганларида кучли ер силкиниши рўй берди.

Зилзила ўчоғида ер силкинишининг Рихтер шкаласи бўйича 5,2 баллни ташкил этди. Юзада эса сейсмик куч 8 баллдан юқори кўрсаткичга эга бўлди. Тошкентдаги ер силкиниши ер ости гумбурлашидан бошланди. Зилзила эпицентри Қашқар ва Лабзак маҳаллалари ўрнида бўлиб, вертикал зарблар кучининг магнитудаси 5,3 га тенг, силкиниш 8 баллдан зиёд бўлган.

Зилзила 10—12 сония давом этган. Ўчоқ шаҳар марказининг остида жойлашганлиги сабабли барча вайронали куч шу ҳудудга тўғри келди. Тошкент чеккаларида сейсмик қувват 6 баллни ташкил қилди.

1966 йилдаги Тошкент зилзиласи – биринчи ер силкиниши эмас, бу ерда аввал ҳам ер силкинишлари содир бўлиб турган. Шаҳар остида тектоник плиталар жойлашганлиги сабабли, бу ер сейсмик актив ҳудуд саналади, шунинг учун бундай табиий ҳодисалар бу ерда тез-тез содир бўлиб туради. Бироқ 1966 йилдаги зилзила энг вайронали ер силкиниши бўлди.

Зилзила кучи жуда даҳшатли эди, бироқ табиий офат маркази жуда ҳам чуқур эмас эди. Шунинг учун ҳам вертикал тўлқинлар узоққа тарқалмади ва шу нарса шаҳарни йўқ бўлиб кетишдан асради. Бироқ пойтахтнинг марказий қисми катта талафот кўрди: вайроналар ҳудуди 10 кмни ташкил этди. Силкинишлар вертикал ҳолатда бўлганлиги сабабли ҳаттоки пахса уйлар ҳам бузилмай қолди. Кўпгина бинолар ёриқлар билан қопланди, бироқ силкинишларга бардош берди. Айнан мана шу омил одамларни ўлимдан асраб қолди. Ҳалок бўлганлар сони 8 кишини ташкил этди. Икки юздан ортиқ одам жароҳат олди, кейинчалик эса кучли ҳаяжонли қўрқувни бошидан ўтказган кўпгина қариялар вафот этди.

Тошкент зилзиласи оқибатида шаҳар аҳолисининг ярми уйсиз қолди. Бир неча сония ичида икки млн. кв. турар жой майдони яроқсиз ҳолга келди. 78 минг нафар оила уй-жойсиз қолди. Зилзила натижасида 300 мингдан ортиқ киши ҳеч вақосиз қолди. 236 та маъмурий бино ишдан чиқди, 700га яқин савдо ва овқатланиш шохобчалари, 26 та коммунал корхона, 181 та ўқув муассасаси, 36 та маданий-маиший бино, 185 та тиббий, 245 та саноат бинолари вайрон бўлди.

Зилзиладан кейинги кундаёқ шаҳар кўчалари ва майдонларида чодир-шаҳарлар пайдо бўлди, сув ва электр таъминоти узлуксизлиги таъминланди ва шу сабабли ҳам хавфли эпидемиялар тарқалиши олди олинди.

Қайд этишларича, вайронагарчилик кунларида шаҳарда бирор марта таловчилик (мародёрлик) ҳаракатлари қайд этилмаган.

Ер ости силкинишлари бир неча йил давом этди, 1969 йилгача сейсмологлар 1100 такрорий силкинишларни қайд этдилар. Энг кучлилари 1966 йилнинг май, июнь ойларида ҳамда 1967 йилнинг март ойларида кузатилди. Силкиниш кучи Рихтер шкаласи бўйича 7 баллни ташкил қилди.

Шаҳар жадал тезликда қайта қурила бошланди, қишга келиб 300 минг аҳоли янги уйларга кўчиб ўтди. Уч йилга қолмай зилзиланинг барча оқибатлари бартараф қилинди. Шаҳар четида янги мавзелар барпо қилинди, шаҳар маркази эса қайта тикланди, мактаб, маъмурий бинолар, маданий дам олиш муассасалари қад кўтарди.

Тошкент кучли табиий офатни бошидан ўтказди, бироқ собиқ Иттифоқ республикалари ёрдамида қайта тикланди. Тошкент шаҳрининг майдони 1,5 баробар катталашди. Шунингдек аҳоли сони ҳам ортди: бугунги кунда шаҳарда юздан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қиладилар.


Бошқа мақолалар