Топиноқ рицарлари кимлар бўлган?


  • 31 Январь, 2014
  • 2111

Тарихнинг энг махфий ташкилотларидан бири шубҳасиз Тамплиерлар деб аталувчи черков-топиноқ-ибодатхона рицарлари ёки топиноқчилардир. Ушбу рицарларга тегишли анча ғаройиб сирлар ҳалигача очилмаган. Айниқса Масон жамиятларининг бу рицарларга соҳиб чиқиб, қучоқ очиши, улар билан ўзлари орасида қандайдир яширин алоқалар қуришлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Ташкилотнинг пайдо бўлиши 

1099 йили Қуддус ва Фаластиндаги муқаддас жойлар христианларнинг қўлига ўтганди. Лекин уларнинг бу ерда хавфсизликда эканлигини айтиш қийин эди. Бу ердаги мусулмон кучлари, айниқса 1071 йилги Малазгирт жангидан кейин оқиб келган турклар христианларни қийин аҳволга солиб қўйишганди. Минтақага давомли христиан зиёратчиларининг келиши ҳам минтақада махсус хавфсизлик чораларини кўришни талаб қилмоқда эди. Христиан зиёратчилар ё мутаассиб мусулмонлар, ё атрофдаги қароқчиларнинг қурбони бўлмоқда эди. Минтақада хавфсизликни таъминлаш ва зиёратчиларнинг тинчлигини сақлаш учун – манбаларга кўра – тўққиз рицар Францияда, Шампан вилоятида, Гуго де Пейн бошчилигида тўпланади. Қайдларга кўра, ушбу рицарлар Гуго де Пейн, Готфрид Сент-Омер, Андре де Монбар, Пайен де Мондидье, Арчамбауд Сент-Эньян, Жофруа Брисол, Гуго Ригауд, Россаль ва Гондемардир.

Зиёрат йўлларининг хавфсизлиги учун йўлга чиқиб Қуддусга борган бу рицарлар қирол Балдуин II тарафидан жуда яхши қаршиланган ва улар шаҳарда тураржой билан таъминланганди. Ушбу 1119-1120 йиллар ташкилотнинг илк йилларидир. Ташкилотнинг бу йиллардаги номи эса “Исонинг камбағал рицарлари”дир.

Бир неча йилдан кейин қирол Балдуин II ўзи яшайдиган ва Сулаймон ибодатхонаси сифатида танилган жойни тарк этиб, бу ерни юқоридаги рицарларга қолдиради. Исонинг камбағал рицарларининг номи шундан буён тамплиерлар (ибодатхона, яъни топиноқ рицарлари) деб атала бошлади. Кейинги йилларда тамплиерлар сони тезлик билан орта бошлади. Ҳимояланишга муҳтож бўлган зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга талабгор рицарлар оқиб кела бошлади.

Айниқса Хайфа порти билан Қуддус орасидаги йўлни назорат қилиш уларнинг асосий вазифаси эди. Топиноқчиларнинг сони ортиши Аврелий Августиндан илҳомланиб, қўйилган қоидаларнинг ўрнига янги ушбу ташкилотга махсус қоидалар ишлаб чиқаришни тақозо қилади. 1127 йили Гуго де Пейн беш дўсти билан бирга Римга, папа Гонорий IIни зиёрат қилгани боради. Бу жамият папа тарафидан диний ташкилот сифатида қабул қилиниб, 1128 йил 13 январда қоидалари ишлаб чиқилганди. Лотинча бўлган қоидалар “Лотинча қоидалар” сифатида танилади. 12 йил сўнгра татбиқ этиладиган “Французча қоидалар” булардан жуда кам фарқ қилади.

Аслида топиноқчиларнинг танилишида ва қоидалар ишлаб чиқилишида, бошқача айтганда ташкилотга айланишида муҳим бир исм роль ўйнаганди: Сен-Бернар де Клерво.

1090 йили туғилган Сен-Бернар ёшлигидан атрофидагиларга ўзини тутиши, диний маданияти билан машҳур бўл бошлаганди. 1153 йили ўлимигача ҳам дин одами, ҳам бир лидер сифатида ҳурмат-эътибор кўрди. 20 августдаги ўлган куни унга оид бир культ кунига айланишни бошлаганда черков бунга қарши чиқишга мажбур бўлганди.

Сен-Бернар де Клерводек аҳамиятли кишидан дастак олган топиноқ рицарлари жангчи сифатида ҳам, диндор роҳиб сифатида ҳам ўз қоидаларини татбиқ қила бошладилар. Топиноқчилар бошқалардан ажралиб туриш учун оқ либос кия бошлашди. Кийимларининг энг ажралиб турувчи жиҳати оқ либос устидаги қизил хоч тасвиридир. 

Ташкилотнинг кенгайиши 

Вақт ўтиши билан топиноқчи-тамплиерларга кўплаб рицарлар қўшилиб, ташкилот каттая бошлади. 1147 йили ташкилотнинг иккинчи устози Робер де Краон ўлганида фақатгина Қуддусни ўзида 700 нафар рицар ва уларга хизмат қиладиган 2400 киши бор эди.

Ўн учинчи асрда ташкилот бир қанча вилоятда фаолият кўрсатишни бошлашди. Буларнинг орасида Прованс, Бургундия, Каталония, Португалия каби ўлкалар ҳам бор эди.  Фаластинда уч катта вилоятга бўлинганди: Қуддус, Триполи ва Антакья. Бу асрда топиноқчиларга қарайдиган жами 3468 дона қалъа бор эди.

Топиноқ рицарлари аскар ҳам-да роҳиб бўлганликлари учун аёллар билан ишлари бўлмай, кўп вақтларини ибодат билан ўтказишарди.

Улар бир қанча имтиёзларга эга ва ишончли бўлганликлари учун муқаддас жойларга зиёратга келганларнинг бойликларини ҳам олиб юришарди. Тамплиерлар айниқса уларнинг сафига қўшилганлар томонидан келтирган мол-мулк ҳамда ҳадялар билан жуда бойиб кетишганди. Бундан ташқари, ривоятларга кўра, топиноқ рицарлари атрофдаги мусулмонлардан ҳам ўлпон олишмоқда эди.

Топиноқчи - тамплиерлар бу орада Ўрта Шарқ ва Пиреней ярим оролларидаги жангларда иштирок этиб, муваффақиятларга эришганди. Натижада тамплиерлар салб юришлари ва христиан қиролликлари даврида энг кучли қўшин ҳисобланарди. Лекин шу атрофда ҳар хил миш-мишларга ҳам сабаб бўлмоқда эди.

Ташкилотнинг ниҳояси 

Қўлга киритилган бутун муваффақиятларга қарамасдан шарқда лотин қиролликларининг умри узоққа чўзилмади. 1291 йил 16 июнда сўнгги қалъа ҳам мусулмонларнинг қўлига ўтганида 16 нафар топиноқ рицари қолганди, холос. Қолган рицарлар эса Францияга кўчиб кетишганди.

Аслида муайян бир мақсад учун муқаддас тупроқларда йиғилган топиноқ рицарларининг Францияда ҳам ташкилот фаолиятларини давом эттиришга ҳеч бир сабаблари йўқ эди. Ташкилот умрининг поёнига етганди. Лекин асл мақсадлари муқаддас юртларда христианларнинг хавсизлигини таъминлаш бўлган ушбу ташкилот аъзолари шон-шуҳрат ва қироллар томонидан уларга берилган чексиз имтиёзларини тарк қилишни сира хоҳлашмади.

Топиноқчилар дин савдоси эвазига шунчалик бойиб кетишган устига устак кўпчилиги тамоман Франция кўчиб кетиб қироллардай ҳаёт суришарди. Уларнинг бу бойлиги шу пайтларга моддий томонда ночор аҳволда қолган Франция қироли Филипп IV нинг диққатини тортмоқда эди. Бу орада топиноқ рицарлари ҳақида тарқалаётган миш-мишлар ҳам қиролнинг ишини осонлаштирди. Охирида қирол моҳирлик билан фитна чиқариб, 1307 йил 13 октябрда топиноқчиларнинг катта бўлимини ҳибсга олишга муваффақ бўлди. Ораларида Буюк устоз Жак де Моле ҳам бўлган гуруҳ қаттиқ исканжаларга учраб, уларга тақалган айблардан кўпини бўйинларига олишганди. Узоқ давом этган судлардан кейин тамплиерлар оловда ёқиб ўлдирилди. Лекин уларнинг ўлимидан ва тариқат йўқ бўлишидан кейин ҳам улар ҳақида миш-мишлар давом этди. 

Топиноқ рицарларининг сири 

Тамплиерлар ёхуд ибодатхона (топиноқ) рицарларининг сиру синоати ташкилот сифатида майдонга чиққан кунларидан бошланади. Аслида қурилган пайтларидан эътиборан ушбу жамият жуда сирли кўринарди. Ташкилотнинг сирли характери муҳрида ҳам кўрилмоқда. Битта отга миниб олган икки рицар шаклидаги муҳр турли тадқиқотчилар тарафидан турлича изоҳланганди. Баъзи тадқиқотчилар бу символни бир-бирини қўллаб-қувватлаган икки рицар деб таърифласа, баъзилари тасвир тариқатнинг дастлабки йилларидаги фақирлигини билдиришини иддао қилишганди.

Аслида бу муҳр Сен-Бернарнинг ҳам “кураш икки тарафламадир, ер юзида ва кўкда” шаклида билдирганидек, миссиянинг моддий ва маънавий икки йўналишини тамсил этмоқда. Бошқача айтганда, кўринишдаги мақсадлари Муқаддас тупроқларга зиёратга келган кишиларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган тариқатнинг аслида яна бир маънавий мақсадлари ҳам бор.

Ташкилотни сирли бўлиб кўринишининг яна бир жиҳати эса, яширин маросимлар ўтказиб туришидадир.

Номзодлар қабул қилинишдан аввал турли синовлардан ўтишади. Бу синовларнинг аниқ нималар эканлигини билмасак ҳам, тўрт элемент билан алоқадор эканлиги маълум. Ушбу синовлардан ўтган номзодни кечаси ўн икки рицар кутиб ўтиради. Эшик олдидаги номзоддан рицарлар нима учун келганини уч марта сўрашади. Жавобини олишгач, ичкарига киритишади. Тариқатга қабул қилиш ҳам турли ҳил синоатларга тўла маросимлар етовида бўлиб ўтарди. Ташкилотнинг яна бир мароқли томони ҳам ўша замондаги ўрта аср дунёқарашидан фарқли қарашга эга бўлишларидадир. Ушбу сирлар топиноқ рицарларини бошқа диний ва махфий ташкилотлардан фарқли кўрсатиб, ҳар хил нотўғри тушунишларга сабаб бўлмоқда. 

Уларнинг Исо ҳақидаги эътиқодлари

Ривоятларга кўра, топиноқ рицарларининг Исо ҳақидаги эътиқод ва қарашлари христианликдан кескин фарқ қилади. Оммавийлашган ривоят бўйича, тамплиерлар Йоханнит мазҳабига мансуб.

Христианлик тарихига назар солсак, Исо пайғамбарнинг келишидан аввал Иоа́нн Предте́ч деган шахснинг майдонга чиққанлигини кўрамиз.

Лекин Иоанн ҳақ деб қабул қилинган Инжилларда Исонинг келиши ҳақида хушхабар билдириб, уни чўқинтирган бир кишидир, холос. Аммо вақт ўтиши билан баъзи топиноқчилар Иоанни Исодан ҳам баланд мартабаларга чиқаришади. Ҳатто ушбу эътиқодлари таъсирида Исо қиёфасида аслида Иоанни тасвирлашган. Топиноқ рицарларининг (Тамплиерлари) Йоханнит эканликларига доир кўп далиллар йўқ. Лекин уларга қўйилган айблар Йоханнит мазҳабига қўйилган айбларга ўхшайди.

Топиноқчиларга ёпиштирилган баъзи ақидалар бўйича, тулар Исонинг Томас исмли эгизак укаси бўлгангига ва янгидан туғилиш мана шундай амалга ошишига ҳамда Мария Магдалена Исонинг рафиқаси бўлганлигига ишонишади. 

Топиноқчиларнинг мусулмонлар билан алоқалари

Салб юришлари даврида муқаддас юртларга келган христианлар орасида мусулмонлар билан энг яқин алоқада бўлганлари айнан мана шу тамплиерлардир. Улар энг кўп  ва чамбарчас алоқа қурган жамоат эса Исмолия мазҳабидан тарқаган Хашхаший (Хашашин)лар, яъни Ассасинлардир. Хашхашийлар -  Ҳассан Саббоҳнинг Аламут қалъасини забт этганидан кейин бу ерга келиб жойлашган муридларга берилган номдир. Топиноқчилар мусулмонлар билан жипс алоқа ўрнатганликлари учун диндошлари тарафидан кескин танқид қилинган. Ҳатто улар сиғинадиган Бафомед/Бахомед номли бут аслида Махомед (Муҳаммад) исмидан келиб чиққанлигини ва тамплиерларнинг Муҳаммад (саллолоҳу алайҳи васаллам)га сиғинишлари ҳақида ҳам узун қулоқ гаплар қулоққа чалиниб туради. Чунки ўрта асрларда ғарбда халқ мусулмонларни Муҳаммад (саллолоҳу алайҳи васаллам)га сиғинади деб ўйлашарди. Шу боис рицарларнинг мусулмонлар билан ўрнатган алоқалари халқ томонидан яширинча мусулмонликка ўтиб кетишган деб гумон қилиниб айбланган бўлишлари мумкинлигини ёдга солади.


Бошқа мақолалар