- 2017-09-22
Эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкноталарини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берган.
Низомга асосан, муомаладаги 50 ва 100 сўмлик тангалар, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкноталар муомаладан қайтариб олинади. Уларнинг ўрнига эса, 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик, 100 сўмлик, 200 сўмлик ва 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади.
2011 йил намунасидаги қиймати 500 сўм бўлган тангалар муомалага лаёқатли.
Барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангаларни ҳамда эски намунадаги банкнотларни ҳеч қандай монеликсиз, чекловларсиз қабул қилишлари ва ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирмаган ҳолда уларни айирбошлаб беришлари шартлиги ҳамда мижозлар аризасига асосан омонатга, банк пластик карточка ҳисобварақларига кирим қилиш учун қабул қилишлари мумкин эканлиги белгиланди.
Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик эски намунадаги банкноталар учун 2019 йил 1 июлгача, 200 ва 500 сўмлик эски намунадаги банкноталар учун 2020 йил 1 июлгача бўлган муддатлар белгиланди.
kun.uz дан олинди.