Президент Тўқаев 2026 йилги йўл харитаси ҳақида сўзлади


  • 8 Январь, 2026
  • 31

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг ташқи сиёсати ва ислоҳотлар кун тартиби ҳақида маълумот берди. Тўқаев популизмдан йироқ эканини, БМТда қайта лавозим эгаллаш истаги йўқлигини таъкидлаб, Қозоғистон Евроосиёнинг энг муҳим транзит марказларидан бирига айланишини айтди. Келаси йилни “ҳал қилувчи” йил деб атаган Тўқаев, кенг кўламли конституциявий ислоҳотларга ишора қилди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 январь куни “Turkistan” газетасига берган интервьюсида 2026 йилга мўлжалланган ташқи сиёсий қарашлари, ислоҳотлар режаси ва мамлакатнинг стратегик устуворликларини баён этди.

Тўқаев 2025 йилнинг иккинчи ярмида Қозоғистон ташқи сиёсати сезиларли суръат касб этганини, Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва АҚШни қамраб олган жадал дипломатик алоқалар мамлакатнинг халқаро обрўси ортиб бораётгани билан бевосита боғлиқлигини айтди. Остонада кўплаб етакчилар қабул қилинганини эслатиб ўтган Тўқаев, ўтказилган музокаралар иқтисодиёт, инвестиция ва глобал мувофиқлаштириш масалаларига қаратилганини таъкидлади.

Президент халқаро низоларда воситачилик қилиш каби даъвоси йўқлигини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотида қайта лавозим эгаллаш ниятида эмаслигини билдирди. У ёпиқ маслаҳатлашув ва музокараларда иштирок этишини, кўплаб давлат раҳбарларининг фикрлари билан қизиқишини, аммо бу ишларни оммага кўз-кўз қилишга эҳтиёж сезмаслигини ва популизмдан йироқ эканини урғулади.

Транзит ва логистика соҳасидаги мақсадлари ҳақида гапирган Тўқаев, Қозоғистоннинг Евроосиё қитъаси марказида жойлашган стратегик мавқеи катта устунлик беришини айтди.

“Мамлакатимиз учун транзит ва логистика салоҳиятини мустаҳкамлаш стратегик аҳамиятга эга вазифадир. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятимиз бўлмаса-да, Қозоғистон Евроосиё қитъасининг қоқ марказида, асосий транзит йўлаклари кесишган нуқтада жойлашган”, — деди у.

Тўқаевга кўра, Қозоғистон янги темир йўл тармоқлари ва ҳудудлараро масофани сезиларли даражада қисқартирадиган “Марказ–Ғарб” авто магистрали каби йирик инфратузилма лойиҳалари орқали Евроосиёнинг етакчи транспорт марказларидан бири бўлишни мақсад қилган. Шунингдек, мамлакат Сариқ денгиздан Қора денгизгача бўлган юкларни қабул қилиш тармоғини йўлга қўйди. Хитой ва Европа ўртасидаги қуруқликдаги ташувларнинг катта қисмини таъминловчи 12 та халқаро транспорт йўлаги Қозоғистон ҳудудидан ўтади.

Биринчи Президент Нурсултан Назарбоев ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашувлар ҳақидаги гап-сўзларга тўхталар экан, Тўқаев бу алоқалар норасмий ва шахсий характерга эга эканини айтди. Назарбоевнинг тарихий ролига тўхталиб, шундай деди:

“Назарбоевни замонавий Қозоқ давлатининг асосчиси сифатида бир неча бор баҳолаганман. Давлат институтлари, бозор механизмларини шакллантириш ва янги пойтахт қурилишидаги ҳиссаси баҳс талаб қилмайди. Биз Қозоғистонни адолат, қонун ва тартиб ҳукм сурадиган мамлакатга айлантиришни истаймиз”.

Тўқаев келаси йил Қозоғистон келажагига ўн йиллаб таъсир кўрсатадиган муҳим сиёсий воқеаларга бой бўлишини таъкидлаб, бу даврни “ҳал қилувчи” деб атади. Конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум эълон қилинганини ва кўлами янги конституцияни қабул қилиш билан тенг бўлган кенг қамровли ўзгаришлар устида иш олиб борилаётганини тасдиқлади.

Қозоғистоннинг 35 йиллик мустақиллик йўлини сарҳисоб қилар экан, Тўқаев мамлакат давлат қурилиши ва ислоҳотлар шарофати билан барча шубҳа ва ташқи танқидларни ортда қолдирганини айтди: “Қозоғистон динамик ривожланаётган иқтисодиёт ва нуфузли халқаро мавқега эга муваффақиятли давлат сифатида намоён бўлди”.


Бошқа мақолалар