- 2013-08-24
2018 йил 19 май куни Лондонда ўтказилган қирол оиласидаги тўй ҳам Лондонда, ҳам бошқа ўлкаларда кун тартибига чиқди. Ёзма ва теле нашрлар қиролича Елизаветанинг катта ўғли ва Британия валиаҳд принци Чарльзнинг кичик ўғли принц Генрининг америкалик сериал актрисаси Рейчел Меган билан никоҳ тантанасига катта ўрин ажратишди.
Ушбу тўй Лондонда собиқ инглиз қироллари дафн этилган Виндзор саройидаги 15-асрдан қолган муқаддас Георгий ибодатхонасида ўтказилди. Қироллик оиласи ўзининг барча маросимларини мана шу ибодатхонада ўтказиб келади. Келин мисс Маркл – энди Сассекс герцогиняси – афро-америкалик Америка ватандоши. Биринчи эридан ажралган ва принц Гарридан 3 ёш катта. Инглиз газеталарининг иддаоларига кўра, собиқ эри ҳам отасидек яҳудий. Бундан ташқари, отаси юрак амалиёти сабабли эмас, аралашиб қолган жанжал туфайли тўйга қатнашмаганлиги, опаси эса тўйга чақирилмаганлиги учун “Twitter” орқали арз қилиши, овсини Кейт Миддлтоннинг тўйга аввал кийган либосда келиши, келиннинг тўй ҳашаматига мос келмайдиган содда келин либосини кийиши каби кўплаб мавзулар инглиз газеталарининг асосий мавзулари бўлди. Маълумотларга кўра, тўйга жами 45 миллион доллар сарфланиб, хавфсизликдан ташқари бутун харажатлар қиролича Елизавета ва принц Чарльзнинг шахсий ҳисобларидан чиқарилган.
Қироллик тўйи ҳақида керакли-кераксиз бутун маълумотларни берганимиздан кейин “парламентар конституциявий монархия” билан бошқариладиган Британия тахтининг аҳволига назар ташлайлик. Биз Англия деб атайдиган давлатнинг расмий номи “Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги”дир. Қисқача қилиб “Бирлашган қироллик” дейилади. 1952 йил 6 февралдан бери тахтда ўтирган қиролича Елизавета II бувисининг бувиси бўлган қиролича Викториянинг 64 йил 7 ой ва 2 кунлик салтанат муддати рекордидан ҳам ўтиб кетган. Ўтган ойнинг 24-куни 92 ёшини нишонлаган қиролича 1200 йиллик Британия тарихида рекорд ўрнатиб, 67-салтанат йилини сурмоқда.
Британия тахтининг ворислик навбати
Ҳозир Британия тахтининг ворислик навбати қуйидагича:
1. Принц Чарльз. Уэльс принци, қиролича Елизавета II нинг катта ўғли, 70 ёшда.
2. Принц Уильям. Кембридж герцоги, принц Чарльзнинг катта ўғли, 36 ёшда.
3. Принц Джордж. Принц Уильямнинг катта ўғли, 5 ёшда.
4. Малика Шарлотта. Принц Уильямнинг қизи, 3 ёшда.
5. Принц Луи. Принц Уильямнинг кичик ўғли, 1 ойлик.
6. Принц Гарри. Сассекс герцоги, принц Чарльзнинг кичик ўғли, 34 ёшда.
7. Принц Эндрю. Йорк герцоги, қиролича Елизаветанинг ўртанча ўғли, 58 ёшда
8. Малика Беатриса. Принц Эндрюнинг катта қизи, 30 ёшда.
9. Малика Евгения. Принц Эндрюнинг кичик қизи, 28 ёшда.
10. Принц Эдвард. Уессекс графи, қиролича Елизаветанинг кичик ўғли, 54 ёшда.
11. Принц Джеймс. Принц Эдварднинг ўғли, 11 ёшда.
12. Малика Луиза. Принц Эдварднинг қизи, 15 ёшда.
13. Малика Анна. Қиролича Елизаветанинг қизи, 68 ёшда.
14. Питер Филлипс. Малика Аннанинг ўғли, 41 ёшда.
15. Саванна Филлипс. Питер Фллипснинг катта қизи, 8 ёшда.
16. Айла Филлипс. Питер Филлипснинг кичик қизи, 6 ёшда.
17. Зара Тиндолл. Малика Аннанинг қизи, 37 ёшда.
18. Миа Тиндолл. Зара Тиндолнинг қизи, 4 ёшда.
Булардан кейин қироличанинг ҳаётдан ўтган синглиси малика Маргаретнинг фарзандлари ва неваралари ўрин олади. Онаси тахтга ўтирган 1952 йилдан, яъни 4 ёшидан бери валиаҳд ҳисобланиб келадиган принц Чарльзга ҳам навбат қачон келиши ноаниқ бўлиб турганда рўйхатни яна давом эттиришга ҳожат йўқ. Чунки қироллик оиласининг расмий интернет саҳифаси www.royal.uk/succession ҳам 17 киши рўйхатини бериш билан чекланган.
Кўриб турганимиздек, инглиз ворислик тизимида аёллар ҳам ўрин олган ва юқори ўриндаги принцларнинг ўғил ва қизлари ўзларидан ёши улкан бўлган амакиларидан олдинда туради. Бундан ташқари авваллари қизлар ўғил укалари туғилганида улардан кейинги навбатга тушиб қоларди. 2013 йилда чиқарилган бир қонун билан ворислик тизимида қизлар ҳам ёшга кўра ўз ўрнини сақлаб қоладиган бўлди. Яъни опа-укалар жинсига қараб эмас, ёшига кўра ўрин эгаллайди.
Қиролича Елизавета ким?
Қирличанинг отаси Британия қироли Георг VI (салтанати: 1936-1952). Унинг отаси қирол Георг V (салтанати: 1910-1936), унинг отаси қирол Эдвард VII (салтанати: 1901-1910), унинг онаси қиролича Виктория (салтанати: 1837-1901), унинг отаси Кент герцоги принц Эдвард, унинг отаси қирол Георг III (салтанати: 1760-1820), унинг отаси Уэльс принци Фредерик, унинг отаси қирол Георг II (салтанати: 1727-1760), унинг отаси қирол Георг (салтанати: 1714-1727), унинг онаси малика София, унинг онаси Богемия қироличаси елизавет, унинг отаси қирол Яков (салтанати: 1603-1625), унинг онаси Шотландия қироличаси Мари, унинг отаси Шотландия қироли Яков V, унинг онаси Шотландия қироличаси Маргарет, унинг отаси қирол Генри VII (салтанати: 1485-1509), унинг онаси малика Маргерет, унинг отаси Сомерсет герцоги Джон Бофорт, унинг отаси Сомерсет графи Джон Бофорт, унинг отаси Ланкастер герцоги Джон Гонт, унинг отаси қирол Эдвард III (салтанати: 1327-1377), унинг отаси қирол Эдвард II (салтанати: 1307-1327), унинг отаси қирол Эдвард (салтанат: 1272-1307), унинг отаси қирол Генри III (салтанати: 1216-1272), унинг отаси қирол Джон (салтанати: 1199-1216), унинг отаси қирол Генри II (салтанати: 1154-1189), унинг онаси Германия императори Матильда, унинг отаси қирол Генри (салтанати: 1100-1135), унинг отаси қирол Уильям (салтанати: 1066-1087). Қироличанинг қайдай авлоддан келгани етарлича тушунарли бўлди деб ўйлайман.
Андалус Аббодий ҳукмдорига етиб борган шажара
Қироличанинг шажарасига бошқа қўлдан Шотландия қироличаси Маргаретнинг отаси қирол Генри VIIдан эмас, онаси Британия қироличаси Елизаветдан давом этамиз. Унинг отаси қирол Эдвард IV (салтанати: 1461-1483), унинг отаси Йорк герцоги Ричард, унинг отаси Кембридж графи Ричард, унинг онаси Йорк герцогиняси Изабелла, унинг онаси Кастилия қироли Педронинг аёли Мариа де Падилла, унинг онаси Мариа Фернандез де Генестроза, унинг онаси Алдонза Рамирез де Сифонтес, унинг онаси Алдонза Гонзалез Гирон, унинг онаси Санча Родригез де Лара, унинг отаси Родриго Родригез де Лара, унинг онаси Санча Альфонсез, унинг онаси Кастилия қироличаси Заида (Изабелла), унинг отаси Андалус Умавийларидан кейин Севилияда 68 йил ҳукм сурган Аббодийларнинг учинчи ва сўнгги ҳукмдори Муҳаммад бин Аббод ал-Мутамид (салтанати: 1069-1091).
Гапни қаёққа бураётганим қизиқ бўлса керак. Бу сўнгги Аббодий ҳукмдори баъзи ривоятларга кўра, Пайғамбаримизнинг невараси ҳазрати Ҳасаннинг ўғли Ҳусайннинг қизи Заҳронинг 12-авлод невараси бўлади. Бу ривоятнинг тўғри-нотўғрилиги бир томонга, Кастилия ва Лион қироли Алфонзо V-нинг аёлларидан бири бўлган ва христианлаштирилиб исми Мариа Изабелла деб ўзгартирилган Зоиданинг ал-Мутамиднинг қизи эмаслиги, ўзидан аввал ўлган ўғлининг беваси эканлиги борасида иддаолар ҳам бор.
Ҳақиқат бир Худога аён.