- 2024-09-06
Эронда узоқ йиллар давомида тортишув ва норозиликларга сабаб бўлиб келган ҳижоб мажбурийлиги масаласида муҳим ўзгариш рўй берди. Узоқ курашлардан сўнг ҳижоб ҳақидаги қатъий қонун нормалари юмшатилди.
Эрон мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси Муҳаммадризо Баҳонарнинг баёнотига кўра, эндиликда ҳижобни мажбурий тарзда тақиш зарур эмас. Унинг айтишича, ҳижоб тақмаган аёлларга нисбатан на жарима, на жазо, на ҳуқуқий чекловлар қўлланилади.
Бу қарордан кейин кўчаларда ва жамоат жойларида эркин кийимдаги аёлларни тез-тез кўриш мумкин бўлмоқда.
Қарор қабул қилинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда ҳижобсиз юрган аёллар акс этган видеоёзувлар тез суръатда тарқалди ва катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Эронда 22 ёшли Маҳса Амини — курд миллатига мансуб Эрон ватандоши — “ҳижобни тўғри тақмагани” баҳонаси билан ахлоқ полицияси томонидан қўлга олиниб, кейинроқ ҳалок бўлганидан кейин бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланган эди. Ушбу намойишларда аёллар бошларидан рўмолларини ечиб ташлашган, баъзилари эса уларни ёқиб юборишган. Фақат қаттиқ тазйиқ ва қатағонлардан сўнг, 550 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган ва минглаб инсонлар қамоққа олинганидан кейингина норозиликлар тўхтаган эди.