- 2024-11-22
Қозоғистонлик спортчи Денис Теннинг фожеали ўлимидан кейин Қозоғистон спорт тарихида дунёни эрта тарк этган спортчилар рўйхатини туздик. Афсуски, Денис Теннинг ўлими Қозоғистон тарихида ягона эмас.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни Сочи олимпиадасининг бронза медали совриндори Денис Тен автомобилининг кўзгусини ўғирламоқчи бўлган ўғрилар устидан чиқиб қолгач, жиноятчилар пичоқлаб қочиб кетишганди. Спортчи олган жароҳатлари туфайли касалхонада ҳаётдан кўз юмди.
Бекзат Саттарханов (1980 йил 4 апрель - 2000 йил 31 декабрь)
Боксер Бекзат Саттарханов Сиднейда ўтказилган олимпиада 57 кггача бўлган вазнда олтин медални қўлга киритганди. Ундан профессионал боксда катта ғалабалар кутишганди. Лекин у ўзининг барча қирраларини кўрсатишга улгурмади. 2001 йилга 15 дақиқа қолганида Туркистон-Чимкент трассасида автоҳалокат туфайли ҳалок бўлди.
Андрей Кивилев (1973 йил 20 сентябрь - 2003 йил 12 март)
“Тур де Франс” мусобақасида тўртинчи ўринни эгаллаган велопойгачи Андрей мусобақада ўз жамоадошлари билан тўқнашиб кетиб, боши билан бетонга урилиши оқибатида 29 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Ушбу ҳодиса изсиз қолмади. Велопойгачиларнинг халқаро иттифоқи пойга вақтида шлем кийиш мажбурийлиги ҳақида қарор чиқарди.
Ермек Сериков (1989 йил 10 июнь - 2009 йил 11 август)
Сатторхановнинг ўлимидан 9 йил ўтиб, Қозоғистон бокс оламини яна бир фожиа зир титратди. 2009 йили 20-ёшли боксер Ермек фожеали тарзда ҳалок бўлди. Осиёнинг уч бора чемпиони ўқотар қуролдан узилган ўқдан жони узилди. У Шахтинск шаҳрида ёқилғи қуйиш шохобчасида бошқа ҳайдовчи билан зиддиятга бориб қолади. Оқибатда рақиби қуролдан ўқ узиб, тан жароҳати етказади. Сериков эртасига касалхонада кўп қон йўқотишдан жони узилади. Қотилни 2012 йили 7 ярим йилга озодликдан маҳрум этишади. Лекин у бир йил ўтгач, юрак тўхташи оқибатида қамоқда ўлади.
Игорь Нанаев (1993 йил 28 март - 2016 йил 10 октябрь)
2016 йил 2 октябрдан 3 октябрга ўтар кечаси Петропавловскдаги "Парк Сити" тунги клуби олдида баскетболчиИгорь Нанаев шафқатсизларча калтакланади. Олган тан жароҳатлари оқибатида Игорь касалхонада жон топширади. Унинг ўлимида айбдор деб топилган беш нафар шахс 8 ярим йилга қамалади.