- 2013-02-01
Бундан юз йил муқаддам, 1900 йил 28 июлда америкалик Луи Лассен иссиқ гўштли котлет ва сабзавотли гарнир солинган бутербродни патентлади. Лекин бунга қарамай, гамбургернинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб теориялар мавжуд.
Гамбургер тарихи
1800 йили Осиёга сафар қилган бир немис тужжори кўчманчи татарлар гўшт юмшоқ бўлиши учун от эгарларининг тагида олиб юришларини кузатди. От ҳаракат қилганда гўшт юмшаб, ейишга осон бўларди. Немис ватани Гамбургга келгач, ошпазига гўштни шу тарзда тайёрлашни буюради. Тайёрланган таом барчага ёқди ва тужжор буни Гамбург гўшти деб атади.
Бошқа бир немис эмигранти бу рецептни АҚШга олиб келади. “Гамбургер” атамаси эса 1834 йили Нью-Йоркнинг ресторанларидан бирида пайдо бўлади. “Гамбург стейки” ҳақида илк маълумотни 1884 йилда нашр этилган “Кечки Бостон” жуналидан топиш мумкин.
Бошқа версияга кўра, гамбургерни кўчманчи скифлар кашф қилишган. Улар гўштни қовуриб, сўнгра иккита нон орасига қўйиб ейишган экан. Хитойликлар эса гуруч нон орасига қўйилган гўштни ҳаммадан олдин ейишни бошлаганликларини даъво қилишади. Лекин шуниси аниқки, АҚШга бу рецептни кимдир келтирган (немис эмигрантлари эканлиги ҳақиқатга яқин).
1885 йили Снеймур шаҳарчасида ўтказилган “Outgamie” кўргазмасида гамбургер тайёрлаган Чарли Нагрин туфайли у АҚШнинг барча штатларига ёйилди. Снеймур шаҳарчаси ҳозиргача гамбургер пойтахти ҳисобланади.
Биз ҳозир биладиган шаклдаги гамбургер 1904 йили Сент-Луисдаги бутунжаҳон ярмаркасида тайёрланди. 1921 йили Канзас штатидаги уичитилик бир тадбиркор ошпаз Уолт Фндерсон илк бор “Гамбургерлар ресторани”ни очди. Айнан у молиячи Билли Инграмни “Оқ қаъла”ресторан тармоқларини очишга 700 доллар инвестиция ажратишга кўндиради. Бу катта муваффақият олиб келади. Бундан кейинги воқеалар эса “McDonald's” тарихи ҳисобланади.
1900 йил 28 июлда Луи Лессинг ўзининг Нью-Хейвен шаҳрида биринчи гамбургерни сотади. Ушбу таом кашфиётчилигига кўпчилик даъво қилади. Лекин Лессинг ҳозиргидек шаклдаги гамбургерни тайёрлаган ва бундан даромад кўрган деб ҳисобланади.
Америка ва жаҳон фаст-фуди асосига айланиш учун гамбургер юриб кетаётган ҳолда ейишга қулай бўлиши керак эди. Айнан иккита юмалоқ булочка, соус ва салат барги гамбургерни Янги дунё егулигига айлантирди.
Бундан 30 йил ўтиб, америкаликлар хот-дог, қовурилган жўжа ва Италия пиццасини хуш кўриб истеъмол қила бошлашди. Гамбургернинг юлдузли онлари 1930 йили канзаслик Уолтер Андерсон “White Castle Hamburger” ресторанлар тармоғини очиб, асосий таом сифатида гамбургер берила бошлаган вақтга тўғри келади. Якуний муваффақиятни эса “Wimpy Grills” кафеси бошлаган арзон нарх ва ҳар бир харидорга бир дақиқадан кам вақтда хизмат кўрсатадиган оқимий тайёрлаш технологияси олиб келди. Айнан мана шу усул умумий овқатланишнинг янгича шаклини олиб кирди.
Гамбургерларда энг муваффақиятли тижорат тарихи 1948 йили Сан-Бернардино шаҳрида ака-ука Макдональд ва Рей Крок учрашганидан кейин бошланди. Натижада “McDonald's” фаст-фуд тармоғи пайдо бўлди. “McDonald's” ва унинг гамбургерлари Америка ва жаҳон иқтисодиёти барометри ҳамда глобализация рамзига айланди.
Хот-дог нима учун “хот-дог” деб аталади?
1987 йили Германиянинг Франкфурт шаҳрида хот-догнинг 500 йиллиги нишонланди. Лекин австрияликлар бунга қўшилмай уларнинг “Винера сосикалари” хот-дог келиб чиқишининг исботи деб кўрсатишади.
Хот-дог
Бир франфуртлик қассоб “dachshund” деб аталадиган колбаса ишлаб чиқади. “dachshund” деб эса такса кучукларини аташади. Немис эмигранти бу колбасани АҚШга келтиради ва 1871 йилдан нон бўлаги ичига қўйиб сота бошлайди. У бир йилда 3684 “dachshund” колбасасини сотишга муваффақ бўлади. Сўнгра бу егуликлар ичида севиб тановул қилинадиган таомга айланади.
1901 йили иллюстратор Дарган бир сотувчининг оддий нон бўлаклари ўрнига булочкадан фойдаланаётганини кўради. Дарган бу ҳодисани тасвирлашга қарор қилади. Лекин у “dachshund” сўзини тўғри ёза олишига ишонмай, маҳсулотни “хот-дог” деб атайди.