АҚШ 1 триллион долларни ёқмоқчи


  • 20 Октябрь, 2018
  • 571

Дунё иқтисодига таъсир қилган 2008 йилги кризисдан чиқиш учун 200 йиллик тарихида босган пулнинг тўрт бараварини босган АҚШ энди бу пулларнинг камида 1 триллионини муомаладан чиқариб, йўқ этмоқда.

АҚШ 2008 йилги кризисгача тарихида 870 миллиард доллар босиб чиқарган эди. 2008 йили бутун банк тизими касодга учраш нуқтасига келгач, Америка марказий банки FED бу миқдорни бир неча йил ичида 4 триллиондан ошириб юборди. Дунёнинг бошқа муҳим марказий банклари ҳам “quantitative easing” (QE) номи берилган бу операцияда АҚШни таъқиб этишди. Баъзи манбаларга кўра, жами босилган пул 20 триллион доллар бўлган.

Жаҳон молиявий тизимини ривожлантириш учун босилган бу маблағ асосан облигация, кўчмас мулк ва акция бозорларига йўналтирилди. QE операциясига бутун дунёда жиддий фоиз чегирмалари ҳам илова қилинди.

2016 йилдан эътиборан, АҚШ аввал фоизларни орттиришни бошлади. Кейинги одим сифатида эса 2017 йил охирида муомалага чиқарилган марказий банк пулини қайтариб олиш операцияси, яъни “quantitative tighting” (QT) бошланди. Ўша даврнинг FED президенти Джанет Йеллен 2017 йил октябрдаги бир интервьюсида фоиз ортиши ва QTнинг кейинги кризисда марказий банкка йўл очиш мақсадида (такроран фоиз тушириб, пул боса олиши учун) қилинаётганини билдирди.

Марказий банклар одатда ўз давлатлари чиқарган облигация сотиб олиб, бозорларга пул беришади. Шу тариқа давлат облигациялари марказий банк балансида йиғилади. Одатда облигацияларнинг муддати келганда давлат марказий банкка қарзини тўлайди ва марказий банк янги облигацияларни сотиб олиб, такрор пулни муомалага чиқаради. Марказий банк пулни муомаладан олишни истаганда эса муддати келган облигациянинг тўловини давлатдан олади ва бу пулни йўқ қилади. Давлатдан янги облигация сотиб олмайди.

АҚШ 2017 йил октябрь ойида тўсатдан яна тарихнинг энг улкан пул ёқиш (QT) операциясини бошлади. Бу операция босқичма-босқич амалга ошадиган шаклда белгиланганди. 2017 йилнинг октябрь-ноябрь-декабрь чорагида муомаладан ҳар ой 10 миллиард доллардан чиқарилди. 2018 йил илк чоракда бу миқдор ойлик 20 миллиард долларга, иккинчи чоракда ойлик 30 миллиард долларга, учинчи чоракда эса ойлик 40 миллиард долларга кўтарилди.

Октябрь ойидан эса муомаладан чиқариладиган доллар миқдори ойлик 50 миллиард долларга етказилади. Бундан сўнгра АҚШ биржаси қуламаган муддатда муомаладан ҳар ой 50 миллиард доллардан чиқарилиб, йўқ этилади. Бу режага кўра, 2018 йил октябрь ойигача FED 300 миллиард долларни йўқ қилган. Режада ўзгаришлар бўлмаса, FEDнинг ёқадиган доллар миқдори 2019 йил охирида 1 триллионга етади.

zerohedge.com сайти ҳисобларига кўра, 2018 йилнинг илк ярмида дунё биржаларида 10 триллион долларлик йўқотиш бўлди. Фоиз ортишлари ва QTнинг бошқа салбий таъсири эса долларни кучайтириб ва Аргентина, Туркия, Жанубий Африка ва Ҳиндистон каби ривожланаётган ўлкаларнинг миллий валютасини жиддий шаклда заифлатди.

Пул босиб чиқариш операциясида аввалроқ АҚШни таъқиб қилган дунё марказий банклари пул ёқиш операциясини ҳалигача бошламади. Лекин Европа марказий банки (ECB) ва Япония марказий банки (BOJ) муомалага чиқараётган пул миқдорини камайтирмоқда. Шу тариқа 2019 йил бошида марказий банкларнинг дунё бозорига берган пул негативга айланади. Яъни фақатгина АҚШдан эмас, глобал бозордан пул муомаладан чиқарилади.


Бошқа мақолалар