Боку-Москва тўқнашуви ортида ким турибди?


  • 5 Июль, 2025
  • 14

Россия ва Озарбайжон ўртасидаги инқироз давом этмоқда. Минтақадаги янги кескинлик ҳақида фикр билдирган мутахассислар “Ташқи кучлар фаоллашган, Кавказ қайта шакллантирилмоқда”, дея баҳоламоқда.

Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашувдан сўнг, Россияда озарбайжонлик туркларга нисбатан амалга оширилган чора-тадбирлар Москва ва Боку ўртасидаги муносабатларни таранглаштирди. Томонлар ўзаро танбеҳ беришда давом этаётган бир пайтда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова юзага келган инқирозда “учинчи томонлар”нинг қўли борлигини таъкидлади.

Москвадаги Халқаро Жиноят ва Терроризмга қарши кураш маркази раҳбари Энес Караханов Захарованинг баёнотига изоҳ берди. Унга кўра, Исроил Туркий иттифоқ ғоясидан безовта ва Анқара-Боку биродарлигини ўзининг стратегик манфаатларига таҳдид деб билади. Карахановнинг таъкидлашича, Зангезур йўлаги ва туркий республикаларни боғловчи геосиёсий тартиб Эронни ҳам безовта қилмоқда. Аммо у бу жараёнда асосий ўйинчи эмас. Унинг сўзларига кўра, бугунги Москва-Боку кескинлиги ортида бошқа ташқи кучлар турибди, уларнинг Россия ичида ҳам ҳамкорлари бор.

"Мумкин бўлган Москва-Боку инқирози, албатта, Москва-Анқара муносабатларига ҳам таъсир ўтказади. Асосий мақсад – Туркияни Москва ёки Бокуни танлашга мажбурлаш. Шу билан бирга, Исроил ва Ғарб иттифоқи келгуси 15–20 йилда Туркия-Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни барбод қилишни режалаштирмоқда. Яна бир мақсад – Россия ва Туркия ўртасида тўқнашув келтириб чиқариш ёки уларни доимий низоли ҳолатда ушлаб туриш", – дейди Караханов.

Унинг айтишича, Сорос фонди ва унга боғлиқ ташкилотлар туркий давлатлар ва Кавказда “рангли инқилоб”лар бошлаш ҳаракатида. Бу жараёнда энг асосий нишон – Озарбайжон. Шу билан бирга, Россияда этник зиддият муҳитини кучайтириш ҳам кўзланган. Бу эса Кремлни инқилобларга қарши чора кўриш имконидан маҳрум қилади.

"Кескинлик бошқа минтақаларга ҳам тарқалиш хавфига эга. Бундай сенарий Россия учун жиддий таҳдид солади. Аммо Туркиянинг иштирок этиши билан бу муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган механизмлар вужудга келиши мумкин", – дея хулоса қилди у.

Озарбайжондаги қатор муҳим давлат муассасаларида раҳбарлик қилган сиёсатшунос Араз Қурбанов эса шундай дейди:

"Россия Озарбайжонга нисбатан СССР давридаги қарашларидан воз кечиши шарт. Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиши бир қанча давлат ва кучларни норози қилди. Улардан бири – Россия. Чунки илгари бу минтақада етакчи бўлган Россиянинг ўрнини бугун Анқара эгаллади ва жуда самарали фаолият олиб бормоқда.

Путин ҳеч қачон Кавказдан чекинишни истамайди. Шу сабабли Зангезур масаласини ҳам ўз назоратида сақлашга уринади. Кремл ҳозирги воқеалар учун ташқи кучларни айбламоқда, бироқ Россиядаги озарбайжонлик туркларга нисбатан қийноқ ва зўравонликлар учун жавобгар – айнан Россия полицияси. Агар қандайдир режа мавжуд бўлса, нега айнан унга хизмат қиладиган сиёсат юритилмоқда, деб сўраш керак. СССР даври стереотипларидан воз кечиш вақти келди. Озарбайжон энди мустақил ва салоҳиятли давлат", – деди Қурбанов.

Халқаро муносабатлар бўйича озарбайжонлик таҳлилчи Азер Ҳасрет эса шундай фикр билдирди:

"Агар бу кескинлик давом этса, Кавказда янги муаммолар келиб чиқади ва бу ташқи кучлар манфаатига ишлайди. Россия Грузияда қўллаган таъсир услубини Озарбайжонга ҳам татбиқ этмоқчи. Бироқ Кремл Озарбайжоннинг сиёсий иродасига ҳурмат билдириши лозим.

Озарбайжон ҳарбий учоғининг уриб туширилиши тасодиф эмасди. Бугунги воқеалар ҳам шу жараённинг давомидир. Россияда 4 миллионга яқин озарбайжонлик турк яшайди. Шунингдек, бошқурт, тотор, яку̀т, нугой, ку̀мук, қарачай-балқар, алтай, аҳиска, қозоқ, ўзбек, тува, қирғиз ва туркманлар каби миллионлаб туркий халқлар бор. Агар инқироз янада чуқурлашса, бу жараёнга чеченлар бошчилигидаги 24 мухтор республикадаги мусулмонлар ҳам аралашиши мумкин.

Бу эса кутилмаган даражадаги беқарорликка олиб келиши мумкин. Путин, албатта, бундай хавфларни ҳисобга олаётган бўлиши керак. Ҳозиргача 50 нафардан ортиқ ватандошимиз қийноққа тушган, иккиси вафот этган. Боку ҳам жавоб чораларини кўрди. Агар Москва тарангликни давом эттирса, Боку жавобсиз қолмайди. Мавжуд вазиятда Озарбайжон-Россия муносабатлари жиддий шикаст олди ва яқин келажакда тикланиши қийин", – деди Ҳасрет.


Бошқа мақолалар