- 2013-07-04
Америка “The New York Times” газетаси Эронга қарши баъзи бизнесменларнинг 2 йил аввал Эрон иқтисодиётини касодга учратиш учун тузган режалари бўйича Бирлашган араб амирликлари, АҚШ ва Саудия Арабистонлик ҳукумат вакиллари учрашгани маълум бўлди.
Хабарда Жамол Қошиқчи жиноятидан кейин вазифасидан олинган Саудия Арабистон разведка вакили Аҳмад ал Асирийнинг Эронга қарши тузилган режа доирасида ўтказилган бир йиғилишда эронлик баъзи амалдорларга қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлганлиги иддао этилди.
Америка “The New York Times” газетаси баъзи манбаларга асосланиб берган хабарида сўнгги пайтларда журналист Жамол Қошиқчи жинояти туфайли танқид остида қолган Саудия Арабистон валиаҳд принци ва атрофидагиларнинг узоқ вақтдан бери душманларига қарши суиқасд режалари бўлганлиги ҳақида маълумот берди.
Хабарга кўра, асли ливанлик бўлган Америка бизнесмени ва БАА валиаҳд принци Муҳаммад бин Заед ал-Наҳяннинг маслаҳатчиси Джордж Надернинг иштироки билан тузилган режада Эрон иқтисодиётига саботаж уюштирилган. Иддаоларга кўра, Надер бу режани ҳам принц Муҳаммад билан маслаҳатлашган, ҳам Оқ уйга тақдим этган.
Бу режанинг яна бир бўлаги ўлкасининг разведка ва хавфсизлик агентликлари билан яқин алоқада бўлган исроиллик бизнесмен Жоел Замел эди.
Замел ва Надер 2016 йилги режага кўра, Эрон инқилоб муҳофизлари армияси Қудус кучининг яширин мол-мулкини фош қилиш, Эронда тартибсизликларни юзага келтирувчи сохта ижтимоий тармоқ аккаунтларини очиш, Эрондаги мухолиф гуруҳларни молиявий таъминлаш, юқори лавозимли эронлик амалдорларга қарши айбловларни оммага эълон қилиш каби ҳаракатларни амалга оширмоқчи бўлишди.
АҚШда 2016 йили ўтказилган президентлик сайловларида демократик номзод Хиллари Клинтон ғолиб бўлади деб ўйлаган Замел ва Надер режаларини Бельгиядаги бир йиғилишда БАА ва Саудия Арабистон вакилларига маълум қилишди.
Лекин сайловда Трамп ғолиб бўлгач, Надер ва Замел Нью-Йоркка бориб, Трамп ҳукуматига ва Саудия генералларига режаларини айтишган. Саудияликлар бу операцияга пул беришдан аввал Трамп ҳукумати буни тасдиқлашини исташди. Трампнинг 2017 йил январь ойида расмий равишда вазифасига киришганидан кейин Надер тез-тез Оқ уй вакиллари билан учрашиб турди.
Режага кўра, 2017 йил март ойида Саудия Арабистоннинг пойтахти Риёдда бир йиғилиш ўтказилди. Бу ерда ораларида Асирий ҳам бўлган юқори лавозимли амалдорлар Эрон инқилоб муҳофизлари армияси Қудус кучи қўмондони Қосим Сулаймонни ва Саудия Арабистон душмани сифатида маълум бўлган яна бир амалдорни ўлдиришни режалаштиришди. Йиғилишда бўлган бошқа иштирокчилар бу борада тараддудга тушиб, бизнесменлар ҳеч қандай суиқасдга аралашмасликларини билдиришди.
Қошиқчи терговини яқиндан кузатган бир саудиялик вакил “NYT”га берган интервьюсида Асирийнинг суиқасд режалари Саудия Арабистоннинг расмий сиёсатини акс эттирмаслигини иддао этди. Лекин “NYT”нинг қўлига тушган электрон почта хабарларида Надернинг Асирий билан учрашган вақтида Муҳаммад бин Салмон билан ҳам кўришганлиги аниқланди.