- 2022-11-15
Украина Олий Радаси 26 ноябрь куни мамлакат президенти Петр Порошенконинг ўлкада ҳарбий ҳолат эълон қилиш бўйича фармонини маъқуллади. Ушбу қонун лойиҳасига 276 нафар депутат овоз берди. Президент Радада нутқида фармонига қисман ўзгартириш киритганини билдирди. У ҳарбий ҳолат бутун Украина бўйича эмас, балки баъзи вилоятларда эълон қилишни таклиф қилди. Бу ерда Россия ва Молдова билан чегарадош вилоятлар, Қора ва Азов денгизи бўйидаги вилоятлар назарда тутилмоқда. Бу рўйхатга Одесса, Николаев, Херсон, Запорож, Луган, Донецк, Сум, Харьков, Чернигов, Винниц вилоятлари киради.
Ҳарбий ҳолат 26 ноябрь соат 14:00 дан бошлаб, 30 кун, яъни 26 декабрь 14:00 гача давом этади. Аввалроқ халқ депутати Мустафа Найем ҳарбий ҳолатни эълон қилиш ватандошларнинг конституцион ҳуқуқларини вақтинча чекланишига сабаб бўлишини айтганди. Порошенко эса бунга жавобан ҳукумат ватандошлар ҳуқуқларини фақатгина Россия қуруқликдан ҳарбий тажовуз қилса чеклаши мумкинлигини гапирди.
Украинада ҳарбий ҳолат 25 ноябрда юз берган денгиз конфликтидан сўнг эълон қилинди. Якшанба куни Россия чегарачилари Керчь бўғозида учта Украина ҳарбий кемасини ўққа тутиб, эгаллаб олди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Украина кемалари Россия ҳудудига ноқонуний равишда кирганлигини маълум қилди. Украинанинг таъкидлашича, кемалар Одессадан Мариуполга режа бўйича йўл олган. Бу ҳақда Россия ҳукумати огоҳлантирилган, демоқда.
Отишма вақтида бир нечта Украина денгизчилари жароҳат олган.