Қозоғистон Марказий Осиё давлатларига нефть маҳсулотлари экспортини бошлайди


  • 2 Февраль, 2019
  • 557

2019 йил март ойида дизель ёқилғисидан ташқари, бошқа барча нефть маҳсулотлари экспорти бошланади. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев Қозоғистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.

«Бизда жорий йилнинг биринчи чорагида бензин, мазут, авиакеросин бўйича ортиқча ҳажм юзага келади. Асосан, Марказий Осиё мамлакатларига нефть маҳсулотларини экспорт қилмоқчимиз. Қозоғистон кўп йиллар давомида нефть маҳсулотлари бўйича импортчи бўлган, бу биз нефть қазиб олувчи мамлакат эканимизга қарамай кузатилган. Аммо, нефтни қайта ишлаш заводларимизни модернизация қилиш натижасида, биринчи навбатда, маҳсулотлар қаторини кенгайтирдик, иккинчидан - қайта ишлаш чуқурлиги ўзгарди, учинчидан - нефть маҳсулотларининг сифати бутунлай бошқача даражага, К4 ва К5 стандартларига ўтди. Айнан шу туфайли бу йил ҳамкасбларимизга экспорт қилишни бошлаймиз. Бугунги кунда Алматида қирғизистонлик ҳамкорлар билан музокаралар якунланмоқда, келаси ҳафта Сенатда Россия Федерацияси билан битим ратификацияси кўриб чиқилади. Бу давлат билан олдинги келишувда нефть маҳсулотлари экспортига тақиқ мавжуд эди, бу бизга ўзимизнинг нефть маҳсулотларимиз учун йўл очади. Шунинг учун, тахминларга кўра, март ойида, эҳтимол, чорак охирига қадар, экспорт қилишни бошлаймиз», - деди К.Бозумбаев.

Вазирнинг таъкидлашича, 2018 йил давомида АИ-92 бензини нархи тушиб борди ва бир вақтда дизель ёқилғисига нархлар ошди. Дизель ёқилғиси қимматлашуви қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан истеъмолнинг мавсумий ўсиши ва транзит юкларининг мавсумий ошишига алоқадор.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар