- 2020-08-12
Қирғизистоннинг собиқ давлат котиби Достон Саригуловга мамлакатда ҳокимиятни қўлга олишга уриниш бўйича айблов эълон қилинди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.
Бу ҳақда Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасида маълум қилинди.
Қўмита маълумотларига кўра, Саригулов Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таклиф қилиниб, тергов ҳаракатлари ўтказилгандан кейин унга "Жиноятга тайёрланиш" ва "Ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга олиш ёки ҳокимиятни зўравонлик билан ушлаб туришга тайёрланиш" моддалари бўйича айблов эълон қилинди.
Бишкекнинг Первомайск туман суди қарори билан собиқ давлат котибига уй қамоғи кўринишида эҳтиёт чораси белгиланди.
Саригулов 2005-2010 йилларда мамлакатни бошқарган президент Курманбек Бакиев даврида давлат котиби бўлиб ишлаган.
Аввалроқ Қирғизистонда ҳокимиятни қўлга олишга уринишда гумон қилинган 3 киши ҳибсга олинганди.
kun.uz дан олинди.