- 2023-10-31
“Amazon” Тожикистон байроғи сурати туширилган итлар фартуги, эркак ва аёл шортлари, шимлари, рюкзаклар ва ич кийимлар сотишни бошлади.
Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ва собиқ адлия вазири ўринбосари Азизмухаммад Холмуҳаммадзода миллий байроқ тасвири туширилган шорт ва шимлар байроққа нисбатан ҳурматсизлик эканлигини таъкидлади.
Тожикистон миллий университети ўқитувчиси Сангин Гулов “Сайёҳларга мўлжалланган совғаларда, буюмларда ва соатларда байроқ тасвири бўлиши яхши, лекин шортларда, пайпоқларда ва айниқса итларнинг фартугида байроғимиз тасвири бўлишини қабул қилиб бўлмайди” деди.
Лондондаги тожик иқтисодчиси Азамат Султонов дунёдаги 180 ўлка учун ягона дизайнга кўра, Тожикистон миллий байроғи тасвири туширилган маҳсулотлар Хитой ширкатлари тарафидан сотилаётганини айтди.
Азамат Султонов “Маҳсулотларини “Amazon” воситасида сотаётган хитойлик тадбиркорлар масаланинг этика томонини ҳам ўйлашлари лозим. Тожик ҳукумати “Amazon”дан Тожикистон байроғи тасвири туширилган маҳсулотларнинг сотувдан олиб ташланишини талаб қилиши мумкин" деди.