Қозоғистон йўлларига 4,6 триллион тенге сарфланади


  • 3 Март, 2026
  • 12

Қозоғистонда яқин уч йил ичида умумий узунлиги 3,25 минг километр бўлган автойўл лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Молиялаштириш ҳажми 4,6 триллион тенгени ташкил этади.

Бу ҳақда транспорт вазири Нурлан Сауранбаев бугун ҳукумат йиғилишида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг уч йиллик режасини тақдим этар экан, маълум қилди.

У: “Уч йил ичида 4,6 триллион тенге миқдоридаги маблағ билан узунлиги 3,25 минг километр бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу лойиҳалар транзит салоҳиятини сезиларли даражада оширишга ва тўғридан-тўғри иқтисодий самара беришга хизмат қилади”, деди.

Устувор лойиҳалар қаторида халқаро транспорт коридорлари ва ҳудудий йўналишларни ривожлантириш бор. 2026 йилда қиймати қарийб 780 миллиард тенге бўлган Бейнеу – Саксаул йўли қурилишини бошлаш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа Транскаспий халқаро транспорт йўналиши доирасида амалга оширилиб, масофани тахминан 1000 километрга, юкларни етказиб бериш вақтини эса уч суткагача қисқартиради.

Шунингдек, Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой коридори таркибида Ақтўбе – Улгайсин ва Саксаул – Қизилўрда участкалари қурилиши бошланади. Улгайсин – Саксаул участкасини эса келгуси йили бошлаш режалаштирилган. Барча учта участкани бир вақтда якунлаш кўзда тутилмоқда.

Транзит йўналишларидан ташқари, уч йиллик режага Қарағанда – Жезқазған ва Марказ – Ғарб каби минтақавий лойиҳалар ҳам киритилган бўлиб, улар бўйича қурилиш ишлари май ойида бошланади.


Бошқа мақолалар