- 2018-02-09
Қирғизистон ва Тожикистон 34 йилдан бери давом этаётган чегара муаммосини ҳал қилиш ва можароларга барҳам бериш учун ноодатий ечимга қўл урди – ер алмашишга қарор қилди.
Совет Иттифоқи 1991 йилда парчаланганидан кейин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ноаниқ қолган ва бу туфайли икки давлат ўртасида тез-тез низолар келиб чиққан. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида томонлар узоқ йиллик музокаралар натижасида муҳим келишувга эришди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев парламент мажлисида ушбу масала бўйича олиб борилган музокаралар натижаси ҳақида гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги музокаралар 2002 йил декабрь ойида бошланган.
"Шу пайтгача икки давлат ҳукумат комиссиялари 45 та, топографик гуруҳлар 86 та ва ҳуқуқий масалалар бўйича гуруҳлар 25 та баённома имзолаган. Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 1006,84 километрни ташкил этади. Шундан 519,9 километри 2011 йилгача аниқланган, қолган 486,94 километри эса сўнгги уч йил ичида белгилаб олинган," – деди у.
Томонлар узоқ йиллар давомида чегарани аниқлаш бўйича келишувга эриша олмаган. Бунинг асосий сабаби, уларнинг ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёндашуви фарқли бўлганидир.
Тожикистон 1924-1927 йилларда имзоланган ҳужжатларни асос қилиб олган бўлса, Қирғизистон 1991 йил 8 декабрда имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) тўғрисидаги битим, 21 декабрда имзоланган Алмати декларацияси ва Москва декларациясига таянган.
Бу фарқли ёндашувлар туфайли 10 йилдан зиёд вақт давомида келишувга эришиб бўлмади ва чегаранинг ҳатто бир метри ҳам расмий тарзда белгиланмади.
2021 йилда Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари музокараларни қайта бошлади ва 1991 йил ҳужжатлари ҳамда мавжуд чегаралар асосида чегарани белгилаш бўйича келишувга эришди.
Шу асосда икки давлат ер алмашишга қарор қилди. Камчибек Ташиев бу жараён адолатли бўлганини таъкидлаб, қуйидагича изоҳ берди:
"Биз Тожикистондан 190 гектар ер олдик ва 190 гектар ерни ўз навбатида бердик. Адолатли алмашинув амалга оширилди. Кичик майдонларни бериб, ўз ҳудудимиздаги (Тожикистонга тегишли бўлган) катта ер участкаларини олдик."
Чегаранинг аниқ белгиланмагани туфайли йиллар давомида икки давлат фуқаролари ва чегарачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар содир бўлган. Энг охирги низо 2022 йил 14-17 сентябрь кунлари юз берган бўлиб, Қирғизистон Тожикистонни ҳудудий яхлитликка таҳдид солишда айблаган.
Қирғизистон Баткен вилоятида содир бўлган тўқнашувлар туфайли 135 мингдан зиёд аҳолини эвакуация қилган ва ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу тўқнашувларда 62 киши ҳалок бўлган ва 198 киши яраланган. Тожикистон расмийлари эса 35 киши ҳалок бўлгани, 30 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.