- 2021-05-11
Қирғизистоннинг Чуй вилояти Сокулук тумани Орок қишлоғида ҳайит намози вақтида юз берган муштлашув туфайли жиддий можаро содир бўлди. Бу ҳақда Akipress хабар қилмоқда.
Милиция маълумотига кўра, эрталаб ёш йигитлар - қирғиз ва турклар ўртасида муштлашув юз берган, биринчиси касалхонага тушган. Муштлашувдан сўнг, маҳаллий аҳоли йиғилиб, йигитларнинг оилаларини кўчириб юборишни талаб қилди.
Орок қишлоғида шундан кейин юз берган тартибсизликлар пайтида маҳаллий аҳоли турклар яшайдиган уйларга ҳужум қила бошлаган. Хусусан, хўжалик иншоотлари ёқиб юборилган, уйлар деразалари синдирилган, автомашиналар ойналари уриб туширилган.
Қишлоқда юзага келган можарода юздан ортиқ фуқаро иштирок этган. Милиция уларни қўлга олишни бошлаган.
Чуй вилояти ИИББ матбуот хизмати ходими Назира Имангазиева хабарига кўра, Орок қишлоғидаги можаро натижасида 25-30 киши қўлга олинган.
Унинг эслатишича, ҳайит намоз вақтида уч нафар йигит ўртасида можаро юз берган.
«Натижада икки киши бир йигитни дўппослаган. У шифохонага олиб кетилди. Унинг ҳолати барқарор, деб баҳоланмоқда. Можарода қатнашган икки шахс ушланди», - деди Имангазиева.
Кейинчалик, унинг сўзларига кўра, жабрланганнинг қариндошлари норози бўлган.
«Улар қишлоқда қонунга зид ҳаракатларни амалга ошира бошлашди. Натижада, 15та уйнинг деразалари синдирилди ва хўжалик иншоотлари ёқиб юборилди. Ушбу ҳолатлар бўйича 25-30 киши Сокулук ИИБга олиб кетилди», - дея хабар қилган Имангазиева.
Айни вақтда тумандаги вазият милиция назорати остида, барқарорлик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда мамлакат ИИВ матбуот хизмати хабар берган.
Воқеа жойига ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев ва унинг ўринбосари чиққан. ИИВ Сокулук туманидаги вазиятни миллатлараро можаро сифатида кўрмасликни сўраган.
Шунингдек, Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгиз Комил Фирот Орок қишлоғига етиб борган. Уни бир гуруҳ аёллар ўраб олган ва можаро ҳақида батафсил маълумот беришган.
Ўз навбатида, элчининг таъкидлашича, масалани тинч ҳал қилиб, дипломатик йўл орқали ечим топиш, шунингдек, оқсоқоллар кенгаши билан учрашиш керак.
Элчи элчихона ходимларидан бири қишлоқда экани ҳамда унга қўнғироқ қилганини маълум қилган.
5 июнь куни соат 21:00 ҳолатига кўра милиция ҳамон қишлоқда бўлган.
kun.uz дан олинди.