- 2021-09-30
“Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади.
Мактабгача таълим вазирлигининг бу борадаги асосий вазифалари белгиланди. Жумладан, вазирлик мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантиради.
Тайёрлов гуруҳлари учун ўқув йили:
– 2019/2020 ўқув йилида 2020 йил 10 мартдан бошланади ва 20 августда тугайди;
– 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 2 сентябрдан бошланади ва кейинги йилнинг 25 майида тугайди.
Боғчалар томонидан ҳамда улардан ташқари ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган деб ҳисобланади ва мажбурий бепул 1 йиллик тайёрловдан озод этилади.
Бунда, ушбу муассасаларда тайёргарликдан ўтган болаларга бошланғич таълимга мажбурий 1 йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади.
Қарор билан 2020–2025 йилларда болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Унга кўра, 2024/2025 ўқув йилига келиб 6 ёшдаги болалар мактабгача таълим билан 100 фоиз қамраб олинади.
Қарор билан, шунингдек, Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, тайёрлов гуруҳлари боғчаларда (боғча мавжуд бўлмаган ёки етарли шароит бўлмаганда бошқа мос биноларда) ташкил этилади.
Гуруҳларда болаларнинг бўлиш вақти 3-4 соатни ташкил этади ва таълим-тарбия жараёни бир ёки икки сменада ташкил этилади, битта гуруҳдаги болалар сони 30 нафардан ошмаслиги керак.
sof.uz дан олинди.