- 2018-03-16
Ўзбекистон уч мингга яқин ватандошини Ўрта Шарқдаги жанг майдонларидан ўлкага қайтариб олишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси бош муфтиси Усмонхон Алимов Ўрта Шарқда уруш бўлаётган минтақаларда уч мингга яқин ўзбек борлигини билдирди.
30 майда Ўзбекистон ҳукумати Суриядаги Ал-Хол лагеридан 156 кишининг Ўрта Шарқдаги қуролли конфликт минтақасидан ватанларига қайтарилганини маълум қилди. Ўзбекистон ҳукуматига кўра, қутқариш операциялари давом этади.
“MY5” каналига интервью берган Усмонхон Алимов Ўрта Шарқдаги уруш минтақасида бўлган уч мингга яқин ўзбекистонликларнинг ватанларига қайтарилишини сўзлади.
Бугунги кунларда ўзбек телевиденияси ва маҳаллий интернет сайтлари узлуксиз Суриядан қайтганлар билан ўтказилган репортажларни эфирга узатмоқда. Суриядан қайтган аёллар эрлари, оталари ва ака-укалари ёки ўғилларининг алдаши натижасида Сурияга борганликларини айтишмоқда.
Аввалроқ маълум қилинганига кўра, Суриядан қайтган 156 кишининг 154 нафари Тошкент вилоятидаги санаторияга жойлаштирилди. Бир нафари туберкулёз диспансерига, бири эса терговга олинган. Маҳаллий нашрларнинг хабарига кўра, санаторияга жойлаштирилганларнинг барчаси махсус хизматлар назоратида.
Расмий ҳисоботда 156 кишидан 48 нафари аёл ва 107 нафари болалар эканлиги қайд этилган.