- 2022-04-30
Туркистон шаҳрининг янги маъмурий-бизнес марказидаги кўча энди туркиялик машҳур давлат арбоби Аднан Мендерес номи билан номланди. Бугун ушбу муносабат билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатдан делегациялар иштирок этди.
Туркистон вилояти ҳокими Умирзақ Шукеев тарихий давлат арбоби ҳақида гапириб, биродар Қозоғистон ва Туркия ўлкалари орасидаги муносабатлар чуқурлашиб бораётганлигини таъкидлади.
Шукеев “Бугунги учрашув Қозоғистон ва Туркия орасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Аднан Мендерес ўтган асрнинг 50-йилларида Туркияга кўчиб ўтган бизнинг ватандошларимизга ғамхўрлик қилган. Президентимиз Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркистондаги кўчалардан бирига Аднан Мендерес номи берилишига кўрсатма берди. Бугун биз ушбу ёдда қоладиган кунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Туркистон бу – нафақат бизнинг халқимизнинг, балки бутун туркий халқларнинг маънавий марказидир. Шунинг учун кўчанинг бундай номланиши кутилган ҳолатдир. Ушбу ташаббус Қозоғистон ва Туркия орасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашига ишонаман” деди.
Туркия диний ишлар бошқармаси бошлиғи муфти Али Эрбош Қозоғистонга кўрсатилган ҳурмат учун миннатдорчилик билдириб, Туркистон туркий олам марказига айланиб келаётганини таъкидлади.