- 2020-09-23
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда давлат оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.
Учрашувда давлат телеканаллари, радиолар, газеталар раҳбарлари, журналистлар, техник ходимлар иштирок этди, деб хабар беради «Авеста».
Учрашув мақсади - оммавий ахборот воситаларининг замонавий жамиятдаги фаолиятини давлат ва ҳукумат сиёсатини тарғиб қилишнинг асосий дастаги сифатида таҳлил қилиш, шунингдек, теле ва радиодастурлар, газетадаги мақолалар сифатини муҳокама этиш.
Мамлакат президентининг учрашув давомида таъкидлашича, дастурлар ва кўрсатувлар сифатини унутмаган ҳолда, замонавий вазиятни ҳисобга олиб ахборотни тезкор равишда етказиб бериш зарур.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, давлат оммавий ахборот воситаларидаги барча дастурлар ва кўрсатувлар тожик адабий тили меъёрларига мувофиқ ҳолда, миллий ҳамда давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланиши керак.
Имомали Раҳмон сифатли ва таҳлилга бой телекўрсатувлар, радиодастурлар ҳамда газета мақолаларини яратишга чақирди. Шу билан бирга, у мамлакат аҳолисини давлат телеканаллари билан қамраб олишга алоқадор вазиятдан ташвишда эканини билдирди.
Бугунги кунда «Точикистон» телеканали мамлакатнинг 99% ҳудудини, «Сафина» ТВ - 84%, «Баҳористон» - 84, «Жаҳоннамо» Жакҳоннамо - 75%ни қамраб олади.
Шу муносабат билан Имомали Раҳмон президент ижро аппарати раҳбари Озода Раҳмонга ваколатли комиссия тузиш ва мамлакатда ТВ каналлар билан қамраб олинишни мониторинг қилиш ҳақида топшириқ берди.
Имомали Раҳмон давлат ТВда президентни мадҳ қилувчи мусиқий клиплар намойиш этилаётганидан ташвиш билдирган ҳамда Тожикистон ҳукумати қошидаги Телевидение ва радио қўмитаси раҳбариятига бунинг ўрнига ишчилар, эришилган ютуқлар, мамлакат табиати ҳақида кўрсатувлар беришни тавсия қилган.
kun.uzдан олинди.