Равшан Эрматов ЎФА вице-президенти этиб сайланди


  • 17 Июнь, 2019
  • 771

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, ЎФА Ижроия қўмитаси аъзолари ва бошқа мутасадди шахслар иштирок этишди. Кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олди:

-Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентларининг ёзган аризаларига асосан ўз лавозимларидан озод этиш;

-Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентлари вазифасини вақтинчалик бажарувчи номзодларни кўриб чиқиш;

-Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти Раматов Ачилбай Жуманиязовичнинг Бош котиб бўйича билдирган таклифини кўриб чиқиш;

-Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференциясини чақириш бўйича таклиф тайёрлаш.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан. ЎФАнинг амалдаги вице-президентлари Умид Аҳмаджонов, Пўлат Бобожонов ва Шерзод Тошматовдан ўз лавозимларидан муддатдан олдин озод этиш масаласида аризалар келиб тушган бўлиб, Ижроқўм аъзолари бу аризаларни қаноатлантириш бўйича овоз беришди.

ЎФА вице-президентлигига Ижроқўм аъзоларининг овозлари билан ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ИИВ вазири ўринбосари Муҳиддин Жўраев вақтинча вазифани бажарувчи сифатида сайланишди.

Шунингдек, ЎФА президенти Ачилбой Раматовнинг таклифига асосан, амалдаги бош котиб Сардор Раҳматуллаев ўрнига Аваз Максумов Ижроия қўмитаси томонидан тайинланди.

ЎФА Ижроия қўмитаси қарорига асосан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси жорий йилнинг 15 июлига белгиланди ҳамда конференция кун тартибини шакллантириш Аваз Максумовга юкланди.

Маълумот учун, Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларида 11та ўйинда бош ҳакам сифатида ишлаган ва бу борада рекордчи ҳисобланади. Эрматов 5 марта Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлган ва бир марта «Globe Soccer Awards» талқинига кўра дунёнинг энг яхши ҳаками бўлган.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар