“Қоплонбек” назорат-ўтказиш пункти очилди


  • 27 Январь, 2025
  • 30

Бу ҳақда Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон “Қоплонбек” (Қозоғистон томонида) ва “Навоий” (Ўзбекистон томонида) ўтказиш пунктларини очишга келишиб олди, бироқ улар чекланган режимда ишлайди.

Давлат даромадлари қўмитасига кўра, яқин орада Ўзбекистон томонидан “Ғишт-Кўприк” ўтказиш пункти (Қозоғистон томонидаги “Жибек жоли” билан чегарадош) вақтинча ёпилади. Бу қарор пунктнинг замонавийлаштириш ишларини якунлаш учун қабул қилинган.

Шу муносабат билан икки давлат пиёдалар, енгил автомобиллар ва автобусларни ўтказиш учун “Қоплонбек” ва “Навоий” ўтказиш пунктларини ишга туширишга келишди.

Ҳар иккала томондан ўтказиш пунктларида модернизация ва техник жиҳозлаш ишлари олиб борилган бўлиб, бугун уларнинг техник очилиши амалга оширилди.

27 январдан 5 февралгача мазкур ўтказиш пунктлари орқали пиёдалар, енгил автомобиллар ва автобуслар чекланган миқдорда ўтказилади. 5 февралдан бошлаб ўтказиш пунктлари тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди.

Келгуси босқичда, икки томон келишуви асосида, мазкур пунктларда юк машиналарини ўтказиш ишлари ҳам амалга оширилади.

Комитет маълумотига кўра, “Қоплонбек” ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қуввати кунига 20 минг кишини ва 800 автомобилни ташкил қилиши кутилмоқда.

“Жибек жоли” ўтказиш пунктининг вақтинча ёпилиш санаси қўшимча равишда эълон қилинади.


Бошқа мақолалар