Арис аҳолисига миллиард тенге ёрдам


  • 29 Июнь, 2019
  • 523

Арис аҳолисига кўмак сифатида қозоғистонликлар миллиард тенгедан ортиқ маблағ ўтказишди.

Туркистон вилоят матбуот хизмати “Туркистон корпоратив ижтимоий фондига мамлкатнинг барча жойидан маблағ келиб тушди. 28 июнь ҳолатига кўра, фондга миллиард тенгедан ортиқ пул тушди. Бу маблағ арисликларга ёрдамга сарфланади” дейилди.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Арис шаҳридаги ҳарбий қисмда портлаш ва ёнғин юз берганди. Ҳарбий қисм омборидаги ўқ-дориларнинг бир қатор портлашларидан кейин Арисдаги 80-90% ибнолар зарар кўрди. Шаҳарни зудлик билан эвакуация қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. 26 июнь куни Арисни қайта тиклаш учун ҳукумат заҳирасидан маблағ ажратилиши маълум бўлди.

Туркистон вилоятининг соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, тиббий ёрдам учун 70киши мурожаат қилган. Улардан 45 нафари касалхонага ётқизилган. 3 киши ҳалок бўлди. Бир нафар Арис аҳолиси автомобилига снаряд тушиш оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Иккинчи ҳалок бўлган аскарнинг жасади ўқ-дори сақланадиган омбор ёнидан топилди. 25 июнь куни Чимкент шаҳри касалхоналаридан бирида портлаш натижасида жароҳат олган яна бир киши ҳаётдан кўз юмди.

Қозоғистонда Арисдаги портлашдан кейин жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун “Арис, биз биргамиз” акцияси бошланди. Туркистон вилояти ҳокимлиги ҳузурида “Туркистон” ижтимоий тараққиёт фонди ташкил этилди. “Нуротан” партияси ташкил этган штабларда тонналаб озиқ-овқат ва бошқа керакли ашёлар тўпланди. Юзлаб бюджет ҳисобидаги ва кичик ҳамда йирик компаниялар бир кунлик иш ҳақини ёрдамга ўтказишди. Икки-уч кун ичида фақатгина Туркистон вилоятидаги этномаданият уюшмалари тарафидан 15 миллион тенгелик озиқ-овқат маҳсулотлари тўпланди. 


Бошқа мақолалар