Қорачиқликлардан Арисга ёрдам


  • 3 Июль, 2019
  • 448

Туркистон вилоятига карашли Арис шаҳридаги ҳарбий қисм омборида 24 июнь куни маҳаллий вақт билан 09:30 да номаълум сабабларга кўра ёнғин чиқиб, портлашлар рўй берди. Ёнғин натижасида снарядлар ҳар томонга учиб, кўплаб уйларда ёнғин чиқишига сабаб бўлди. Портлашлар оқибатида бино эшик-деразалари синиб, баъзи хонадон томларига зарар етди. Шаҳарда фавқулодда вазият эълон қилинди ва Арис аҳолиси Чимкент шаҳри ва атрофидаги қишлоқларга эвакуация қилинди.

Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари Бахит Қурманбаев Арис шаҳрига ёйилган 500 дан ортиқ снаряд парчаларини тозалаганликларини маълум қилди. Фавқулодда вазиятлар қўмитаси 45 минг Арис аҳолисини хавфсиз жойга кўчирди. Расмий рақамларга кўра, 24 июндаги портлашлар натижасида 3 киши ҳаётдан кўз юмиб, 170 киши жароҳат олган.

Тўрт кун давом этган ёнғинни ўчириш ва кўчаларни снаряд парчаларидан тозалаш ишларидан сўнг 28 июнь куни Арис аҳолисига уйларига қайтишга рухсат берилди. Қозоғистон ҳукумати уйлари зарар кўрган аҳолига ёрдам беришини маълум қилди.

 Ушбу хайрли ишдан хусусий фирмалар ҳам четда қолмади. Шу қаторда қорачиқлик йигитлар ташаббуси билан асос солинган “Aura Kazakhstan” фирмаси ва яна барча туркистонликлар ифтихори бўлмиш “Туркистон маданият фонди” ҳамкорликда Арис аҳолисига 7 тонна озиқ-овқат ёрдами кўрсатди. Инсонпарварлик бурчини адо этган ҳамқишлоқларимизга Худо ёр бўлсин! Ватандошларимизни ҳар хил офатлардан сақласин!


Бошқа мақолалар