Хорижий рақамли автомобиллар ҳаракати чекланади


  • 4 Июль, 2019
  • 497

Қозоғистон ички ишлар вазири ўлкада хорижий рақамли автомобиллар ҳаракатини чеклаш режалаштирилаётганини айтди.

Ерлан Турғумбаев “Арманистон, Қирғизистон ва Россия ҳудудларида рўйхатдан ўтган кўплаб автомобиллар йўл ҳаракати қоидаси бузишмоқда” деди. Унга кўра, хорижий рақамли автомобиль эгаларига ҳеч қандай чора кўришнинг иложи йўқ. Чунки автомобиль Қозоғистон ҳудудида рўйхатдан ўтмаган.

Вазир “Улар йўловчи ташимоқда. Биз республикамиз ҳудудига 10 кундан ортиқ вақт учун кираётган автомобилларга чеклов ва мажбурий рўйхатдан ўтиш қоидасини киритмоқчимиз. Агар автомобиль транзит бўлса, ўлка ҳудудини тарк этиш учун 10 кун муддат етарли. 10 суткадан кейин транспорт вақтинчалик рўйхатдан ўтиши шарт. Бундан ташқари, Қозоғистон ватандошларига бундай автомобиллардан йўловчи ва юк ташишда фойдаланиш тақиқланади” деди.

Маъмурий полиция қўмитаси ҳозирги вақтда Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо ўлкаларда рўйхатдан ўтган транспорт воситаларини Қозоғистон ҳудудида узоқ муддат фойдаланган тақдирда вақтинча рўйхатга олишни татбиқ этиш масаласи барча давлат органлари ва жамоат уюшмалари билан муҳокама қилинаётганини билдирди. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ушбу масала парламентда кўриб чиқиш учун тақдим этилади.


Бошқа мақолалар