- 2023-11-13
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго демократик республикасида Эбола эпидемияси ёйилиши сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Ташкилот раҳбари бу қарорга келишига Конго демократиик республикасининг қўшни давлатлар билан чегарадаги иккита ҳодиса сабаб бўлганлигини маълум қилди. Ҳафта бошида Руанда билан чегарадош бўлган Гома шаҳрида эркак киши Эбола вирусидан ҳалок бўлган. Иккинчи ҳодиса эса ўтган ҳафта Уганда билан чегарада рўй берди. У ерда вирусдан аёл киши ўлди.
Конго соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Эбола вируси ўтган йил июль ойида ёйилган. Ҳозирги кунгача 2395 одам вирус билан хасталанган. Улардан 1 571 киши ҳаётдан кўз юмиб, 698 киши вирусдан даволанди. Эбола марказларида 128 киши даволанишда давом этмоқда.
Ушбу вирус илк бор 1976 йил Суданнинг Нзара ва Конго демократик республикасининг Ямбуку шаҳарларида бир вақтда ёйилди. Конгодаги эпидемия Эбола дарёсининг яқинидаги бир қишлоқда бошлангани учун хасталикка ушбу ном берилди.
Эбола вируси 2013 йил декабрь ойида Ғарбий Африкада тарқалди. Гвинея, Сьерра-Леоне ва Либериядаги 2014-2017 йиллардаги эпидемияда 30 минг кишига вирус юққан. Улардан 11300 киши ҳаётдан кўз юмди.