- 2013-06-05
Янги Apple ёки Johnson&Johnson компаниялари эндигина ишга тушгандауларнинг акцияларини харид қилиш ва компаниянинг ўсиши ҳамда ўз соҳасининг етакчисига айланаётганини кўриш - ҳар қандай инвесторнинг орзуси. Афсуски, бундай ҳолатни ҳар доим ҳам кузатишнинг иложи йўқ.
Бундан ташқари, инвесторлар шундай жавоҳир топган тақдирда ҳам компаниянинг бу даражада ривожланишини кутишнинг уддасидан чиқишмайди. Бугунги кунда ҳар қандай маълумотни бир уринишдаёқ топиш мумкин. Интернет ва алгоритм савдоси асрида инвестициялаш аста-секинлик билан ўз моҳиятини йўқотиб боради. InsiderPro шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.
Атиги 30 йил ичида бу компаниялар бир неча долларни миллионларга айлантиришди. Агар 1986 йилнинг май ойида бу акциялардан бирига 10 минг доллар сармоя қилганингизда эди, ҳозир сизнинг камида 3,68 миллион долларингиз бўларди. Айтмоқчи, уларнинг бирини сиз ҳам биласиз.
Balchem
10 минг доллар 3,68 миллион долларга айланди. Даромад 36 784 фоизни ташкил қилди.
Аксарият инвесторлар Balchem ҳақида эшитмаган бўлишса керак. Ҳаттоки фантастик ўсишдан кейин ҳам компания капитализацияси ўртачалигича қолмоқда. Balchem жониворлар учун озуқа ва озуқавий қўшимчалар, озиқ-овқат ароматизаторлари, саноат ва фармацевтика учун махсус ингридиентлар ишлаб чиқаради.
Balchem фаолиятидаги муваффақият нафақат бизнес хилма-хиллиги, балки инновациялар (ва бироз омад) натижасидир. Wall Street Journal'да ёзилишича, 1990-йиллар охирида компания жиддий муаммоларга дуч келган: озуқавий қўшимчалар ишлаб чиқаришнинг янги технологияси фойда бермади. Яхшики, бошқарув ва ходимлар харажатларнинг аввалги ҳолатини сақлаб қолиб, ишлаб чиқаришни икки карра кўпайтиришга ҳамда мавжуд маҳсулотларни сотишнинг янги каналларини топишга муваффақ бўлишди.
Бугунги кунда Balchem баҳолари адолатлидек туюлади. Бундай мисли кўрилмаган ўсишдан кейин бу табиий. Акциялар қиймати - йил якунларига кўра, тахмин қилинаётган даромаддан 31 карра юқори. Шу боис компания инвесторлар ишончини оқлаш учун сотувлар даражасини сақлаб қолиши лозим.
Monster Beverage
10 минг доллар 5,09 миллион долларга айланди. Даромад 50 843 фоизни ташкил қилди.
Monster Beverage муваффақияти ортида ҳам инновациялар туради. 1986 йилнинг май ойидан унинг акциялари нархи деярли 510 баробарга "парвоз қилди". Бунга компания томонидан ишлаб чиқарилувчи энергетик ичимликларнинг машҳурлиги сабаб бўлди.
Сўнгги 12 ой ичида Monster деярли 3 миллиард доллар ишлаб топди. Даромаднинг асосий қисми энергетик ичимликлар сотувидан тушган. Таққослаш учун, 2006 йилда компания даромади атиги 606 миллион долларни ташкил қилган.
Бу Monster ўз йўлида тўсиқларга дуч келмади дегани эмас. 2012 йилда АҚШ Санитария назорати бошқаруви гўёки Monster ичимликлари истеъмоли натижасида юзага келган 5 ўлим ҳолати бўйича тергов ишларини ўтказди. Маълум бир муддатга компания ичимликларига бўлган талаб қисқарди. Бироқ сотувлар статистикасига кўра, муаммолар тезда унутилган.
Охирги йилларда компаниянинг Coca-Cola билан ҳамкорлиги катта даромад келтирди. Компаниялар битимига кўра, Coca-Cola компаниясининг барча энергетик ичимликлари Monster'га ўтган. Monster эса, ўз навбатида, ноэнергетик ичимликларни ишлаб чиқаришдан воз кечиб, уларнинг рецептини Coca-Cola'га топширган. Бундан ташқари, Coca-Cola Monster Beverage'нинг 16,7 фоиз акциясини қўлга киритган. Натижада 2014 йилда Monster компаниясининг ялпи йиллик рентабеллиги 54,4 фоиздан 62,8 фоизга кўтарилган, соф даромад эса сўнгги уч йилда икки баробарга ошган.
Microsoft
10 минг доллар 6,47 миллион долларга айланган. Даромад 64 633 фоизни ташкил қилган.
Рўйхатимиздаги сўнгги компания - Microsoft технология гиганти. Сўнгги 30 йил давомида унинг акциялари 646 баробарга қимматлашди.
Microsoft муваффақияти сабабларини тушуниш осон. Операцион тизим бозоридаги катта рақобатга қарамай, Microsoft ўз позициясини деярли йўқотмади. Бугунги кунда Windows операцион тизими (ОТ) персонал компьютер (ПК) бозорида шу қадар ҳукмронки, бу ҳатто кишига қўрқув солади.
NetMarketShare.com маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январида Windows 7 ва Windows 10 - ПКлардаги барча операцион тизимларнинг 72,5 фоизини ташкил қилган. Бунга у қадар машҳур бўлмаган XP, 8.1, 8, Vista ва NT'ни қўшсак, Microsoft'нинг улуши 91,5 фоизга ошади. Бозордаги монополия компанияга ўз нархларини белгилашга имкон беради, албатта.
Бироқ ҳатто Microsoft'нинг ҳам камчиликлари мавжуд. Масалан, Nokia мобил бўлими ва aQuantive сервиси хариди яққол хатолик бўлди. Skype'га сарфланган 8,5 миллиард доллар кўп сонли янги фойдаланувчилар билан таъминлади, лекин сезиларли молиявий натижа бермади.
Microsoft ПК учун операция тизимлари бозорида етакчи ўйинчилигича қолмоқда. Юқори операцион рентабеллиги туфайли эркин пуллар оқими ҳар йили компанияга 23-26 миллиард доллар олиб келади. Бундан ташқари, яқиндагина LinkedIn'нинг қўлга киритилиши ривожланиш ва даромад топишнинг янги имкониятларини очади.
xabardor.uz дан олинди.