- 2017-10-11
Бошқа мамлакат олимлари онлайн режимда суратлардан фойдаланиши мумкин.
Алмати яқинидаги Асси-Тургень расадхонасида дунёдаги энг тезкор телескоп ўрнатилди. У жорий йилнинг кузида ишга тушади. Ҳозирда бошқа ўлка олимлари ҳам онлайн режимда суратлардан фойдалана олишлари учун синов ишлари олиб борилмоқда. 70 см диаметрли линзага эга телескоп Назарбоев университетининг космик лабораториясида ишлаб чиқилди.
Назарбоев университети президенти маслаҳатчиси Қанат Байгарин “Ушбу телескоп дунёда тезкорлиги билан ажралиб туради. Баъзан космосда ҳодисалар жуда тез рўй бериб ўтади. Сиз оддий телескопни йўналтириб, уни созлаб бўлгунингизгача анча вақт ўтади. Бизнинг телескоп эса доим тайёр турадиган телескоплар рўйхатига киради. Масалан, космик спутникдан меъёрдан ортиқ чақнаш ҳақида сигнал келди дейлик. Ушбу сигнал 10-15 сонияда етиб келади. Бу вақт ичида телескоп керакли йўналишга бурилиб улгуради ва буни кўришга муваффақ бўламиз. Атиги 10 сония ичида биз бунга улгурамиз. Бу жиҳатдан ушбу телескоп дунёда энг тезкори ҳисобланади” деди.