- 2020-05-16
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокимининг селектор мажлисида соқол қўйган ва рўмол ўраганларга қарши гапирган гаплари кенг тарқалди. Ушбу аудиоёзув интернетда жуда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, бу борада фикр билдирмаган одам деярли қолмади. Эътиборлиси шундаки, бу фикрларнинг барчаси салбий.
Фарғона вилояти ҳокими соқол, рўмол ва иш жойларида намозга қарши чиқиб, бунга бўйсунмаганларни қамаш билан таҳдид қилгани ёзилган аудио тарқалган эди. Фарғона вилояти ҳокими селектор давомида турк инсвесторининг соқолини олишни буюрган, вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса, ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини айтгани, шунингдек, олдида ким бўлишидан қатъи назар рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилган.
30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг масаласи кўриб чиқилди.
Унда Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи танқидий кўриб чиқилди.
Йиғилишда комиссия вакиллари Фарғона вилоят ҳокимининг мажлислардан бирида аёлларнинг рўмол ўраши билан боғлиқ фикрлари учун қаттиқ қоралашган ва қатъий чора кўрилишини сўрашган.
Шуҳрат Ғаниев ҳам ижтимоий тармоқларда ўзига билдирилаётган танқидлар тўғрилигини эътироф этиб, ўзининг айбини тан олган.
Якунда Сенат раиси Танзила Норбоева томонидан Шуҳрат Ғаниев қаттиқ танқид қилиниб, унга қатъий огоҳлантириш ва уч ойлик синов берилган.