Қирғизистон собиқ президенти Атамбаев оиласи уйидан чиқарилди


  • 15 Сентябрь, 2025
  • 12

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев оиласи уйидан мажбурий равишда чиқарилди.

Бу ҳақда собиқ давлат раҳбарининг фарзандлари Алия Шагиева ва Қодирбек Атамбаев ижтимоий тармоқларда хабар беришди. Улар маълум қилишича, оила Кой-Тош қишлоғидаги уйидан чиқарилган, милиция ходимлари барча буюмларни чиқариб, махсус олиб келинган контейнерга юклашган.

Алия Шагиеванинг сўзларига кўра, бу жараён "жуда таҳқирли ва ифлос йўл билан амалга оширилган", оила катта юклар билан ёмғир остида кўчада қолдирилган. Атамбаевлар бу чиқарилишни ноқонуний, деб ҳисоблашмоқда, чунки суд ишлари ҳали давом этмоқда.

Кейинроқ Қодирбек Атамбаев маълум қилишича, улар вақтинча қариндошларининг уйига жойлашишга мажбур бўлишган.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь куни Атамбаев оиласи Кой-Тошдаги уйига ҳужум қилингани ҳақида хабар берган эди. Алия Шагиеванинг сўзларига кўра, резиденцияга бир нечта ўнлик одам келган, уларнинг айримлари милиция формасида, қолганлари эса оддий кийимда бўлишган. Улар ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган.

Суд қарорига кўра, Кой-Тош қишлоғидаги участка ва уй давлат ихтиёрига қайтарилган. Шунингдек, унга ёндош ҳудуд ҳам давлат тасарруфига топширилган.

Давлат мулкини бошқариш агентлиги директори Тимур Малбашевнинг маълум қилишича, бу ерда замонавий кексалар уйи ва 500 ўринли янги боғча қуриш режалаштирилган.

Собиқ президентнинг турмуш ўртоғи Раиса Атамбаева эса президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, бу уйга тегмаслик ҳақидаги ваъдани эслатди.

Алмазбек Атамбаев суд қарори билан 11 йил 3 ойга қамоққа ҳукм қилинган, унинг мулки мусодара қилинган ва давлат мукофотлари олиб қўйилган. У ТЭЦни модернизация қилишда ноқонуний бойлик орттириш, 2019 йил 7–8 август кунлари Кой-Тошда юз берган тартибсизликлар ҳамда ер участкаларини ноқонуний олишда айбланган.

Мазкур иш бўйича Жогорку Кенешнинг собиқ депутатлари, президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов, Бишкекнинг собиқ ҳокими Албек Иброҳимов, ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Абдилда Суранчиев ва бошқа шахслар ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Жараён беш йилдан ортиқ давом этди.


Бошқа мақолалар