Конституция бўйича референдум санаси эълон қилинди


  • 12 Февраль, 2026
  • 17

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Конституциявий ислоҳот бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармон матнига кўра, Қозоғистонда Конституциявий ислоҳот бўйича референдум 15 март куни бўлиб ўтади. Бу дам олиш — якшанба кунига тўғри келади.

Пайшанба куни, 12 февралда, оммавий ахборот воситаларида янги Конституция лойиҳаси эълон қилинади.

“Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси 10-бандига ва “Республика референдуми тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Конституциявий қонунининг 18-моддасига мувофиқ ҚАРОР ҚИЛАМАН:

2026 йил 15 март куни республика референдуми ўтказилсин.

Республика референдумига Қозоғистон Республикаси янги Конституцияси лойиҳаси қуйидаги таҳрирдаги савол билан олиб чиқилсин: “Сиз 2026 йил 12 февраль куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳасини қабул қиласизми?”

Ушбу Фармон ва Қозоғистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси 2026 йил 12 февраль куни оммавий ахборот воситаларида расман эълон қилинсин.

Республика референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Марказий референдум комиссияси функцияларини бажарувчи Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига, шунингдек, ҳудудий ва участка референдум комиссиялари функцияларини бажарувчи ҳудудий ва участка сайлов комиссияларига юклансин.

Қозоғистон Республикаси ҳукумати Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, бошқа марказий давлат ва маҳаллий ижро этувчи органлар билан биргаликда республика референдумини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича зарур чораларни кўрсин.

Ушбу Фармон эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради”, дейилади ҳужжат матнида.

Референдум — бу фуқароларнинг давлат, минтақавий ёки маҳаллий аҳамиятга молик энг муҳим масалалар бўйича ўз хоҳиш-иродасини бевосита ифода этиш шаклидир (умумхалқ овози). Референдум ёрдамида қонунлар қабул қилинади, Конституцияга ўзгартиришлар киритилади ёки муҳим сиёсий масалалар ҳал этилади. Референдумда қабул қилинган қарорлар одатда мажбурий кучга эга бўлади.

Бир кун аввал Конституциявий комиссия аъзолари президент Тўқаевга мамлакат янги Конституцияси лойиҳаси устида олиб борилган ишлар якунларини тақдим этган эдилар.

Давлат раҳбарининг фикрича, янги Конституция қоидалари Қозоғистоннинг институционал асосларини трансформация қилиш жараёни якунланганини ва мутлақо янги конституциявий моделга ўтишни англатади.

Шунингдек, президент янги Асосий қонун лойиҳаси нафақат долзарб ижтимоий қадриятлар ва давлат сиёсати тамойилларини акс эттиришини, балки Қозоғистоннинг кейинги прогрессив ривожланиши учун узоқ муддатли пойдевор қўйишини таъкидлади.

Конституциявий ислоҳот бўйича комиссия (Конституциявий комиссия) президентнинг 2026 йил 21 январдаги фармони билан тузилган. Унинг вазифаси — конституциявий ислоҳотни ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.

Аввалроқ президент парламент ислоҳоти доирасида дастлаб Конституциянинг 40 га яқин моддасини ўзгартириш режалаштирилганини тушунтирган эди. Аммо иш жараёнида тузатишлар анча кўп талаб этилиши маълум бўлди.

29 январь куни Конституциявий комиссиянинг бешинчи йиғилишида Республика адвокатлар ҳайъати раиси Мади Мирзагараев Қозоғистоннинг янги Конституциясини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Уни комиссиянинг бошқа аъзолари ҳам қўллаб-қувватладилар.

30 январь куни Астанадаги кўнгиллилар форумида давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев янги Конституция ҳақида фикр билдирди. президент Конституцияга ҳар қандай ўзгартиришлар фақат референдум орқали киритилиши кераклигини алоҳида қайд этди.


Бошқа мақолалар