Мақбаралар нимага портлатилди?


  • 9 Декабрь, 2019
  • 670

Ироқ ва Сурияда 2014 йили ўзини давлат деб эълон қилган ИШИД (Қозоғистонда тақиқланган) нафақат тирикларга, балки вафот этганларга ҳам зулм қилди. Бузғунчилар асосан сунний мозор ва мақбараларини портлатиб юборди. ИШИД босиб олган Ироқнинг Салоҳиддин туманидаги сунний дин арбобларига тегишли мақбара ва мозорларни ер билан яксон қилди. Террорчилар бу ишда портловчи модда ва оғир техникадан фойдаланди. ИШИДчилар қўлга киритган Мусулда ҳам қабристонларни бульдозерлар ёрдамида бузиб ташлади.  

Ироқдаги Тикрит шаҳрининг бошига тушганлар ҳаммасидан аянчли. У ер 637 йили Саъд бин Абу Ваққосга қарашли Абдуллоҳ бин Муътим қўмондонлигидаги қўшин тарафидан қирқ кунлик қамалдан сўнгра фатҳ этилганди. Шу фатҳ давомида шаҳид бўлган қирқ саҳоба Тикритда дафн этилиб, мақбаралари минг йилдан зиёд зиёрат қилинарди. ИШИД шаҳарни қўлга киритиши билан биринчи ишни саҳоба қабрларини йўқотишдан бошлади. Шом атрофида Дума деган жойда “Қабрларни бузиш комиссияси” тузилиб, тарихда ўтган олим ва яқинларининг мозорлари текислатилди. Минтақадаги яна бир кўзга кўринган зиёратгоҳ ҳазрати Довуд мақбараси бўлиб, Аббосийлар ва Усмонийлар даврида таъмирланган муборак маконлардан бири эди. Туркман қишлоғи бўлган Тойбук Усмоний подишоҳи султон Салимнинг Миср сафари вақтида Мамлук давлати билан Маржидабиқ уруши бўлиб ўтган майдонда жойлашган. Туркманлар томонидан “Дабиқ” деб аталувчи 5 минг аҳолига эга қишлоқ ва атрофидаги мақбаралар ИШИД зулмига дучор бўлди.

Суриянинг Қамишли ноҳиясида кўплаб издошлари бор Нақшбандий тариқатининг Суриядаги тармоғи бўлмиш Ҳазна шайхлари мақбаралари ҳам ИШИД тарафидан бомбаланди. Шайх Аҳмад ал-Ҳазнавий Суриянинг Қамишли туманига қарашли Ҳизна ёки Ҳазна қишлоғида туғилгани учун Ҳазнавий номи билан машҳур бўлган. Қабри Қамишли туманига қарашли Телмаруфда. Холидийлар тармоғи бўлган сўфийлар Усмонийлар даври Суриясида салафий оқимига қарши Усмонийлар сафида курашган эди. Энди ИШИД шу сўфий қабрларини бузиб ўч олмоқда. Хўш, нимага энди айнан қабрлар бузиляпти- деб ҳайратлангандирсиз. Сабаби: гўёки қабрга сиғинувчиларга қарши курашиш учунмиш!.. Террорчилар саҳоба, олим ва авлиё мақбараларини вайрон қилиб, бутпарастларга қарши курашдик деб ишшаймоқда.

Аслида қабр ва мақбара душманлиги, мозор бузишнинг илдизи ИШИДга тегишли эмас. Бу татбиқ тарихда илк бор ваҳҳобийлар тўдабоши Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб тарафидан ўртага ташланган фикр. Сауд оиласи билан иттифоқ қурган ваҳҳобийлар 1803 йили февраль ойида Тоиф шаҳрини қўлга киритиб, шаҳарни талон-тарож қилишди. Мақбара ва мадрасаларни вайрон қилиб, китобларни ёқиб ташлашди. Ваҳҳобийлар икки ойдан кейин Маккани босиб олгач, у ерда ҳазрати Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам), ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Али ва пайғамбар қизлари ҳазрати Фотима туғилган уйлар билан барча мақбараларни ер билан бир қилинди.

Ўшанда ваҳҳобийлар ҳам ҳозирги каллакесар террорчилардек баҳона уйдирган эди. Диний баҳоналари: Бидъатга қарши кураш!..

Бидъат Қуръон ва суннатда бўлмаган нарсалар деган маънони англатади. Ваҳҳобийлар фикрича, қабрларга бориб зиёрат қилиш, мозор устига мақбара қуриш ёки  бино ичига дафн қилиш ҳаром эмиш. Лекин биронта ақлли одам чиқиб, “Аллоҳ расули тақиқламаган ишни сен қанақасига тақиқлайсан?” деб сўрамагани ғалати.

Аксинча ҳазрати пайғамбаримиз оналари ҳазрати Оминанинг қабрини, Уҳуд шаҳидлари ва Мадинадаги Боқий қабристонини зиёрат қилиб, уларга дуо қилганларни таихдан биламиз. Биз бу масалани диний томондан таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Чунки ваҳҳобийлар ер юзида ҳали пайдо бўлмаган 1200 йиллик Ислом тарихида барча Ислом оламида миллионлаб олим, уламо, авлиё мақбаралари қурилиб, муҳофаза ва зиёрат қилиниб келган. Ваҳҳобий-салафийлар ва уларнинг ғоявий думи бўлмиш ИШИДнинг бу ишдан кўзлаган мақсадини англамоқ қилмишнинг диний жиҳатидан муҳимроқ...

Қабристон ва мақбаралар инсоннинг сўнгги макони бўлиш билан бирга жуда катта рамзий маънога ҳам эга. Ўлим идрокидан дунёвий эҳтиросларга қарши охиратни эслатишдан бошлаб ҳаётдагилар билан ўтганлар алоқасининг инсонийлик жиҳатига, шаҳарнинг маданий паспортигача кўплаб хусуслар мана шу рамзий маънолар оламидан келиб чиқади. Ҳазрати пайғамбаримизнинг “Қабрларни зиёрат қилинг, у охиратни ёдга солади” сўзлари аслида бугунги кундаги ҳамма нарсани пул билан ўлчаш (коммодификация) инқирозига айни даво. Тарихий шаҳарларимизда ҳар бурчагида бир қабристон ё мақбаранинг мавжудияти бекорга эмас. Ўлим билан ҳаётнинг шунчалик яқинлиги бизни моддапарастликдан ҳимоя қилади. Ҳозирги давр одамлари ўлимни ҳаётидан чиқариб ташлаш учун қабристонни унутишни хоҳлайди. Шунинг учун уларни шаҳарнинг энг узоқ жойларига сиқиб чиқаришга уринади. Ўлимни ёдга соладиган барча нарсадан нафратланадиган ҳозирги давр инсони ҳатто юзидаги ажинларни кўришга ҳам тоқати йўқ. Қарияларга ҳам тоқат қила олмаганликларидан уларни ё қариялар уйига топширади, ёки ёлғизликка тарк этиб кетади...

Ўлимни унутиш бизни бу дунёга ва эҳтиросларимизга қарши ҳимоясиз қилади. Моддапарастлик ва бутларга сиғиниш қабрларни зиёрат қилганингизда эмас, ўтганларни ва қабрларни унутганингизда бошланади. Шундай экан қабрларни зиёрат қилиб, ўлганларни хотирлаб, ўлимли банда эканлигингизни ва орқада фақатгина ишларингиз ёки уддалай олмаганларингиз билан ёдга олинадиган оддий одам эканлигингизни эсланг. Ҳозир ҳамма шикоят қилаётган моддапарастликнинг ғовлаб кетишига сабаб ўлимни ва қаришни унутиб қўйишимиздир. Бир куни бир парча мато билан бу дунёни тарк этишимиз, орқамиздан раҳмат ёки лаънат билан тилга олинишимизни билишимиз моддиятга, пулга муккадан кетишимизга қарши энг катта тўсиқдир. Ваҳҳобий-салафийлик эса мана шу тўсиққа ҳужум қилиб, бизни бузуқ капитализм ва моддапарастликка қарши ҳимоясиз қолдирмоқда. Ўлимни эслатадиган рамзларни ҳаётдан чиқариб ташлаш шахсни модда деворлари ичига қамади. Одамлар орасидаги алоқалар товарлар ораси алоқаларга, алоқаларнинг товарлашувига айланди. Ахлоқ ва руҳдан бенасиб сармоя ҳамма нарсани олиб-сотиладиган товарга айлантирди.

“Қаерда бир авлиё қабри бўлса, у ер мусулмон тупроғидир. Авлиёси бўлмаган ерда мусулмонлар йўқ” деган Эрол Гунгўр айтганидек аслида қабристону мақбаралар бир жойни ватанга айлантирадиган энг муҳим рамзлардир. Салафийлар билан ИШИД иблислари барча заҳарли ташвиқотларида миллийлик у ёқда турсин, ҳатто ватан севгисига ҳам тоқат қила олмайди. Мактабларимизда ватанга муҳаббат ўргатиляпти деб бизларни кофирликда айблаётган салафий ва ИШИД иблислари фикрича мусулмоннинг ватан туйғусига эга бўлиши кофирлик эмиш!

Шу боис “Ватан севгиси иймондандир” қабилидаги ҳадиси шарифларнинг саҳиҳ эмаслигини даво қилишмоқда. Умавийлар даврида Араб адабиётида ватан севгиси ҳақида анча асарлар ёзилганини биламиз. Машҳур араб адиби Жаҳизнинг “Китобул ханин илал Автон” (Ватан соғинчи) номли бир рисола ёзганлиги тарихдан маълум. Арабларда ватанга бўлган муҳаббат, соғинч, унга етишни орзу қилиш машҳур ва мадҳу сано қилинувчи қадрият эди. Имоми Раббоний ҳазратларининг 155-мактубида юқоридаги сўз ҳадиси шариф сифатида қайд қилинган.

Салафий аблаҳларининг яна бир ҳийласи - ирқчилик (ўз қавмига бино қўйиб ўзга қавмларни хорлаш - фашизмни) аҳолига ватанпарварлик ва миллийлик қилиб кўрсатишга уринишидир. Шу эгри ташвиқот оқибатида ватанларидан суғуриб олинган ёшлар бошқа юртларга элтилиб, қон тўкмоқда. Ҳолбуки ҳар бир миллатнинг таркибида бирдан ортиқ қабила ва қабилалар ичида ҳам тор доирадаги уруғлар бўлиши табиийдир. У ҳолда ирқчилик (фашизм) жуда тор доирадаги уруғ-аймоқчиликдир. Миллат мавҳуми эса, жуда кенг доирани қамрайди.

Расулуллоҳдан сўрадилар: “Одамнинг ўз қавмини севиши ирқчиликка ётадими?” Пайғамбаримиз “Йўқ. Лекин одамнинг ўз қавмига зулмда ёрдам бериши ирқчиликдир” деб жавоб бердилар. Саййид Аҳмад Арвосий айтганидек “Кишини ўз қавмини яхши кўради деб айблаб бўлмайди. Бир қавмнинг хожаси шу қавмга хизмати синган инсондир. Ватан севгиси иймондандир.”

Қабристонларни, мақбараларнинг вайрон қилиш, тарихий биноларни бузиш, портлатиш ваҳҳобий-салафий оқими аблаҳларининг мусулмон оламини ватансиз қолдиришга хизмат қилмоқда. Лекин анча дин арбоблари бу жиноятга кўз юмиб, толқон еб ўтирибди. Чунки кўплари пулпарастлик қилиб, ваҳҳобий олтинларига умид боғлаган. Ваҳҳобий-салафий иблислари нафратланадиган нарса ушбу мақбараларни барпо қилганларнинг сунний эътиқодли илғор маданият эгаси аждодларимиз бўлишидир.

1400 йиллик мусулмон маданиятидан бизларга қолган энг асосий мерос - маданият ҳужжати бўлмиш мақбара ва қабр тошларидир. Маданий мерослар миллатларнинг маънавий хотирасидир.

Ваҳҳобий-салафийларнинг мақбара бузишлари замирида ётган асл ниятлари Исломни бидъатлардан тозалаш эмас, аксинча Ислом оламининг 1400 йиллик хотирасини ўчириб ташлашдир. Бу ёвуз ният, мусулмонларни ватан ва маданиятдан жудо қилиб, исломни тарихи йўқ, чўл бадавийларига айлантиришга хизмат қилмоқда. Тарихида фахрланишга арзигулик биронта илм-фан арбоби ва биронта тарихий биноси бўлмаган ёшлар ё радикализм тузоғига, ё моддапарастлик оғушига туширилган бўлади. Шундай экан бирон мақбара бошида бир фотиҳа ўқиш сизни диндан чиқармайди. Аксинча ўлимли оддий одам эканлигингизни эслатиб, виждонингиз қорайишини олдини олади, ўтмиш билан алоқангизни кучайтириб, ватанга садоқат туйғунгизни янгилайди. 


Бошқа мақолалар