Францияда 500 намойишчи жароҳат олди


  • 9 Декабрь, 2019
  • 448

Францияда сўнгги бир йилда ўтказилган намойишларда полициянинг куч ишлатиши оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 26 киши кўзидан ажради, 5 кишини қўли узилиб, 500 киши турли даражадаги тан жароҳати олди.

Францияда полиция шиддатининг сўнгги қурбони пойтахт Парижда нафақа тизимидаги реформага қарши намойишларни яқиндан таъқиб қилаётган “Anadolu Ajansı” фотомухбири бўлди.

Президент Эммануэль Макроннинг сиёсатига қарши чиққан ўн минглаб кишилар уюштирган намойишларни суратга олаётган фотомухбирни полиция нишонга олган.

Хавфсизлик кучлари отган газ капсуласи юзидаги ниқобини тешиб ўтиб, жароҳатланган фотомухбирнинг кўзидан ажралиш хавфи бор.

У билан бирга журналистлар Таха Бухафс ва Гаспар Гланц билан баъзи намойишчилар ҳам жароҳат олишди.

Францияда бензин нархи ошиши ва ёмон иқтисодий шартларга қарши бошланиб, вақт ўтиши билан Макрон идорасига қарши исён ва ғазабга айланган сариқ нимчаликлар намойишларида полициянинг ҳаддан ташқари зўравонлиги француз хавфсизлик кучларининг зўравонликка мойиллигини кўрсатиб турибди.

Ўлканинг энг узоқ давом этган исёнига айланган сариқ нимчаликлар намойишида француз полицияси номутаносиб куч ишлатиши сабабли қаттиқ танқидга учраганди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти “Amnesty International” "Француз полицияси тинч намойиш ўтказаётган ва жамоат тартибини бузмаган намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи бомбадан фойдаланди. Полициянинг ҳаддан ташқари зўравонлигини исботловчи кўплаб ҳужжатлар мавжуд” деб баёнот берганди.

Франция қонунларига кўра, хавфсизлик кучларининг резина ўқлар билан одамларнинг бошини нишонга олиши тақиқланади. Лекин бунга қарамай полиция тез-тез журналистлар билан намойишчиларнинг бошларини нишонга олишган.

Намойишларда 12 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинди, 3 минг 163 кишига қамоқ жазоси берилди.

Дастлаб сариқ нимчаликларнинг намойишларини кўрмаганга олган БМТ полиция зўравонлиги дастидан жароҳат олганлар кўпайганидан кейин ҳукуматни номутаносиб куч ишлатишга қарши тергов бошлашга чақирди.

Бошқа давлатларда бўлиб турадиган халқ намойишларида биринчилардан бўлиб муносабат билдириб, ҳукуматларга ақл ўргатадиган Евроиттифоқ ўз аъзоларидан Францияда содир бўлаётган полиция зўравонлигини ҳалигача "кўрмади".

Оламга демократиядан нутқ ўқиб, фикр ва намойиш эркинлиги деб жар солиб, ўзича инсон ҳақлари ғамхўрчиси ролини ҳеч кимга бермайдиган Европа, бурни тагида рўй бераётган шунча зўравонлик ва қонунбузарлик олдида толқон еб ўтирибди. 


Бошқа мақолалар