- 2020-01-10
Шотландия ҳукуматига ҳайвонлар фаровонлиги бўйича маслаҳат берувчи Шотландия ҳайвонлар фаровонлиги комиссияси (SAWC) хонаки мушуклар табиатга зарар етказишини таъкидлаган ҳисобот чоп этди.
Ҳисоботга кўра, мушуклар ҳар йили Бирлашган Қиролликда тахминан 700 миллион қуш, сут эмизувчи ва судралиб юрувчиларни овлайди. Бу маълумот Шотландия Миллий партиясини (SNP) ҳаракатга келтириб, хонаки мушукларга нисбатан тақиқ жорий қилиш имконияти муҳокама қилинишига сабаб бўлди.
Бироқ, бу таклиф Британия матбуоти ва жамоатчилиги томонидан кулгуга олинди.
“Independent” газетаси “Шотландиянинг “мушукларни тақиқлаши” SNPнинг ақлидан озганини кўрсатувчи навбатдаги белги” сарлавҳасини қўйди. “Good Morning Britain” бошловчиси Эд Балли “Дунё ақлдан оздими?” деб савол берди, GB News бошловчиси Эндрю Пирс эса “Бу жуда аҳмоқона” деб изоҳ берди.
Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам бу таклифга кескин қаршилик билдирди. “Cats Protection” ташкилоти вакили Алиса Паломбо “Мушуклар Шотландия халқининг ажралмас қисми. Кўпчилик учун улар оила аъзолари каби ва инсонларга психологик қўллаб-қувватлаш беради” деди.
Муҳокамалардан сўнг Шотландия Бош вазири Жон Свинни баҳсларга чек қўйиб, “Мушукларни тақиқлаш ниятимиз мутлақо йўқ” деб расмий баёнот берди.