Қозоғистонда фавқулодда ҳолат кучга кирди


  • 16 Март, 2020
  • 489

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фармонига кўра, ўлкада фавқулодда ҳолат 16 март соат 8:00 дан 15 апрель соат 7:00гача давом этади.

Президент бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясини эълон қилгандан сўнг ўлкада фавқулодда ҳолатни бошлашга кўрсатма берди.

Ушбу муддат учун Асқар Мамин бошчилигида махсус ҳукумат комиссияси тузилди.

Фавқулодда ҳолат даврида Қозоғистонда бир қатор чекловлар жорий этилди. Озиқ-овқатдан бошқа маҳсулотлар билан савдо қиладиган йирик объектлар, кинотеатрлар, театрлар, кўргазмалар ва бошқа одам кўп тўпланадиган жойлар фаолияти тўхтатилди. Бундан ташқари, оммавий спорт тадбирлари ва оилавий тўйлар ҳам тақиқланди.

Қозоғистонликларга фавқулодда ҳолат вақтида ўлкадан чиқиш тақиқланган (чет элда даволаниш зарур бўлган  ҳолатлар бундан мустасно). Шунингдек Қозоғистонга кириш ҳам тақиқланган.

Фавқулодда ҳолат сабабли тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган шахслар устидан назорат кучайтирилди. Бир нафар коронавирус билан касалланган киши устидан жиноий иш очилди.

16 март куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев телеканал орқали халққа мурожаат қилади.


Бошқа мақолалар